Дилнозахон Каттахонова Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари бўлди
Дилнозахон Каттахонова Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари бўлди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Республикаси Президенти Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раҳбариятидаги кадрлар ўзгаришларига оид фармонларни имзолади.
Дилнозахон Каттахонова Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси этиб тайинланди.
Янги тайинлов муносабати билан Дилнозахон Каттахонова Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги директори биринчи ўринбосари лавозимидан озод этилди.
Президентнинг бошқа фармони билан Зулайҳо Маҳкамова бошқа ишга ўтгани муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси лавозимидан озод этилди.
Амалдаги қонунчиликка мувофиқ, Вазирлар Маҳкамаси аъзолари, жумладан вазирлар лавозимига номзодлар тайинланишидан аввал Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан кўриб чиқилади.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги ялпи мажлисида депутатлар Дилнозахон Каттахонованинг Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси лавозимига номзодини кўриб чиқиб, маъқуллади.