"Central Asian Model OSCE 2026" Тошкентда Марказий Осиё ёшларини жамлади
"Central Asian Model OSCE 2026" Тошкентда Марказий Осиё ёшларини жамлади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2026-йил 27-апрелдан 1-майгача Тошкентда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистондан 25 нафар иштирокчини бирлаштирган " Central Asian Model OSCE 2026" ёшлар таълим тадбири бўлиб ўтмоқда.
Тадбир дипломатик симуляция форматида ўтказилади - бу халқаро музокаралар жараёнини амалий тарзда моделлаштирувчи интерактив машғулот бўлиб, унда иштирокчилар дипломатлар ролини бажариб, инқирозли вазиятларни муҳокама қилади, резолютсиялар ишлаб чиқади ва давлатлар манфаатларини ҳимоя қилади. "Central Asian Model OSCE 2026" Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти (ЕХҲТ) нинг Ўзбекистондаги лойиҳалар координатори томонидан ЕХҲТнинг Остона, Бишкек ва Душанбедаги Дастурий офислари билан ҳамкорликда Халқаро Nordic Университетида ташкил этилмоқда.
«Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) модели ёшлар учун дипломатия ва музокаралар соҳасида амалий тажриба орттириш имконини яратади, шу билан бирга халқаро ташкилотлар фаолиятини чуқурроқ англашларига хизмат қилади. Марказий Осиёнинг турли мамлакатларидан иштирокчиларни бирлаштирган ушбу ташаббус минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлашга кўмаклашади ҳамда хавфсизлик соҳасидаги умумий муаммоларни ҳал этишда ёшларнинг фаол иштирокини қўллаб-қувватлайди», - деди Антти Карттунен, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалар координатори.
Беш кун давомида иштирокчилар ЕХҲТ фаолияти билан яқиндан танишадилар, хавфсизлик соҳасидаги долзарб муаммолар, қарор қабул қилиш жараёнида ёшларнинг ўрни ҳамда БМТ Хавфсизлик Кенгашининг 2250-сонли “Ёшлар, тинчлик ва хавфсизлик” резолюциясини ўрганадилар.
“Мен учун ЕХҲТ моделида иштирок этиш - халқаро қарорлар қандай қабул қилинишини ва дипломатик мулоқот қандай шаклланишини яхшироқ тушуниш имкониятидир. Журналист сифатида мен учун омма олдида чиқиш, далиллаш ва таҳлилий фикрлаш кўникмаларини ривожлантириш, шунингдек, Марказий Осиёнинг бошқа давлатларидан келган ёшлар билан тажриба алмашиш жуда муҳим”, - деди Тожикистонлик иштирокчи Нигора Илолова.
Дастурда амалий ўқув шаклларига алоҳида урғу берилган бўлиб, улар интерактив машғулотлар ва дипломатик баҳс-мунозараларни, шунингдек ЕХҲТнинг Доимий кенгаши фаолиятининг тўлиқ миқёсдаги симулятсиясини ўз ичига олади. Унда ёшлар дипломатлар ролида иштирок этиб, долзарб кун тартиби юзасидан кўп томонлама музокаралар олиб борадилар. Шу билан бирга, гендер тенглиги, инклюзив иштирок ҳамда тинчлик ва хавфсизликни таъминлашда ёшларнинг ўрни масалаларига алоҳида эътибор қаратилади.
"Central Asian Model OSCE 2026" дастури иштирокчиларга халқаро дипломатия соҳасида ҳам назарий билимлар, ҳам амалий тажриба тақдим этиб, музокаралар олиб бориш, консенсусга эришиш ҳамда конструктив кўп томонлама мулоқотни йўлга қўйиш кўникмаларини ривожлантиришга хизмат қилади.