Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
O'z Ўз Ру En
Ўзбекистон

Бухорода Ўзбекистон–Япония маркази очилди

Дилафруз Ниязова · 04.09.2026 · 14:30 · 22 views
Бухорода Ўзбекистон–Япония маркази очилди
Бухорода Ўзбекистон–Япония маркази очилди / Фото: Олий таълим, фан ва инновация вазирлиги матбуот хизмати.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Бухоро давлат техника университетида Ўзбекистон ва Япония ўртасида таълим, илм-фан, инновациялар ҳамда маданий-гуманитар ҳамкорликни ривожлантириш учун майдонга айланадиган Ўзбекистон–Япония марказининг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Маросимда Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов, Бухоро давлат техника университети ректори Садоқат Сиддиқова, Япониянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Кенджи Хирата, элчихона маслаҳатчиси Курия Цутаки, JICAнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси директори Мамору Сакай, JICA лойиҳаларни ишлаб чиқиш бўйича маслаҳатчиси Наоми Абэ, Ўзбекистон–Япония марказининг ҳамраислари Хироо Ивазаки ва Алишер Азизович Пайғамов, марказ координатори ва JICA вакили Хэйдзо Накамура, марказнинг миллий координатори Улуғбек Аҳмадович Азамов, Цукуба университети профессори Вакана Ямагучи, япон тили профессори Сёко Такада, марказнинг Бухоро шаҳар ваколатхонаси директори Шаҳрух Камолович Маҳмудов ҳамда бошқа меҳмонлар иштирок этди.

Марказ фаолияти, аввало, ёшлар учун янги имкониятларни кенгайтиришга йўналтирилади. Бу ерда япон тили ва маданиятини ўрганиш, халқаро тажриба алмашиш, илмий ва инновацион лойиҳаларда иштирок этиш, шунингдек, янги таълим ва касбий имкониятларга эга бўлиш учун шароит яратиш режалаштирилган.

Марказнинг очилиши Ўзбекистон–Япония алоқаларини ривожлантириш ва икки мамлакатнинг таълим ҳамда илмий ташкилотлари ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтиришда янги босқич сифатида баҳоланмоқда.

Япония делегациясининг ташрифи доирасида Кенджи Хирата Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов билан ҳам учрашди. Томонлар аҳоли бандлигини таъминлаш, тадбиркорликни ривожлантириш, янги иш ўринларини яратиш, ўзаро манфаатли лойиҳаларни амалга ошириш ва икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди.

Япония делегациясига Бухоро вилояти ҳокимлигининг янги биноси фаолияти ва имкониятлари тақдим этилди.

Бундан ташқари, Япония элчиси бошчилигидаги делегация учун Бухоронинг тарихий ва маданий диққатга сазовор жойлари бўйлаб экскурсия ташкил этилди. Меҳмонлар шаҳарнинг меъморий ёдгорликлари ва асрлар давомида шаклланган тарихий муҳити билан танишди.

Япониялик меҳмонларда Бухоронинг Буюк ипак йўлида илм-фан, таълим, ҳунармандчилик ва савдо марказларидан бири сифатидаги тарихи алоҳида қизиқиш уйғотди. Экскурсия давомида делегация миллий ҳунармандчилик намуналари, анъанавий амалий безак санъати ва қадимий меъморчилик хусусиятлари билан ҳам танишди.

Ўзбекистон–Япония марказининг очилиши, икки мамлакат вакилларининг учрашувлари ҳамда маданий дастур Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги дўстона алоқаларни, таълим ва маданий алмашинувни янада ривожлантириш жараёнининг бир қисми бўлди.