Бухорода чақалоқни сотишга уриниш тўхтатилди
Бухорода чақалоқни сотишга уриниш тўхтатилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Бухоро вилоятида ҳуқуқ-тартибот органлари янги туғилган чақалоқни ноқонуний сотишга уриниш ҳолатини бартараф этди. Бу ҳақда вилоят ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати маълум қилди.
Тезкор тадбирлар 6 апрель куни ўтказилган. Тергов маълумотларига кўра, Бухоро туманида яшовчи 18 ёшли қиз ўзининг уч кунлик янги туғилган қиз фарзандини 4 минг АҚШ долларига сотишга уринган.
Келишилган суммадаги 800 доллар миқдоридаги дастлабки пулни қабул қилиш вақтида гумонланувчи ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
Ушбу ҳолат бўйича Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 135-моддаси 3-қисми «б» бандига асосан жиноий иш қўзғатилган. Унда инсон савдоси учун жавобгарлик назарда тутилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.