Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
O'z Ўз Ру En
Ўзбекистон

British Council Ўзбекистон ОТМлари учун дастур бошлади

Дилафруз Ниязова · 28.08.2026 · 12:00 · 27 views
British Council Ўзбекистон ОТМлари учун дастур бошлади
British Council Ўзбекистон ОТМлари учун дастур бошлади / Фото: Pixabay/jarmoluk.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — British Council (Британия Кенгаши) Олий таълимда ногиронлиги бўлган шахсларни инклюзия қилиш соҳасида Буюк Британия ва Ўзбекистон университетларининг қўшма лойиҳаларини қўллаб-қувватлашни назарда тутувчи Disability Inclusion Partnerships 2026 дастурида иштирок этиш учун аризалар қабул қилишни бошлади. Дастур доирасида ҳар бир қўшма лойиҳа учун 25 минг фунт стерлинггача маблағ ажратилиши мумкин. Бу ҳақда British Council хабар берди.

Дастур олий таълим соҳасида ногиронлиги бўлган шахсларни инклюзия қилиш билан боғлиқ тадқиқотлар ва амалий ташаббусларни қўллаб-қувватлашга қаратилган. Ташаббус доирасида талабларга жавоб берадиган Британия олий таълим муассасалари Ўзбекистонни ҳам ўз ичига олган 10 та иштирокчи давлатдаги ҳамкор ташкилотлар билан бирлашади.

Дастур иштирокчилари ногиронлиги бўлган шахслар учун мавжуд тўсиқларни ўрганиши ҳамда уларни бартараф этиш бўйича амалий ва барқарор ечимларни ишлаб чиқиши керак. Ҳар бир лойиҳани амалга ошириш учун ҳамкорликка 25 минг фунт стерлинггача маблағ ажратилиши мумкин.

Ариза Буюк Британия университети ва Ўзбекистон университети томонидан биргаликда тайёрланиши лозим. Бунда Британия муассасаси асосий ариза берувчи сифатида иштирок этади ва академик даражалар бериш ҳуқуқига эга бўлиши керак. Ўзбекистон университети ҳам дастурда иштирок этиш бўйича қўлланмада кўрсатилган талабларга жавоб бериши лозим.

Молиялаштириш тадқиқотлар ўтказиш, эҳтиёжларни таҳлил қилиш, амалий тадқиқотлар олиб бориш, контент ишлаб чиқиш, шунингдек, раҳбарлар, ходимлар ва талабаларни ногиронлик ва инклюзия масалалари бўйича ўқитишга йўналтирилиши мумкин. Шу билан бирга, дастур маблағларидан технология ёки ускуналар харид қилиш учун фойдаланиш мумкин эмас.

Лойиҳаларнинг давомийлиги 17 ойни ташкил этади ва улар 2027 йил 1 январдан бошланади.

Қўшма аризалар Буюк Британиядаги асосий муассасалар томонидан Good Grants платформаси орқали топширилади. Танлов шартлари бўйича саволларни юбориш муддати 2026 йил 11 сентябрга қадар белгиланган.

Аризаларни топширишнинг сўнгги муддати — 2026 йил 21 сентябрь, Британия ёзги вақти (BST) билан соат 11:00.

British Council дастур ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари ва фаровонлигини қўллаб-қувватлаш бўйича ташкилот фаолияти доирасида амалга оширилаётганини таъкидлади. Ташкилот келтирган Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, дунёда қарийб 1,3 миллиард киши ёки жаҳон аҳолисининг тахминан 15 фоизи соғлиқ имкониятларида жиддий чекловларга эга.

British Council маданий алоқалар ва таълим соҳасида фаолият юритувчи Буюк Британия халқаро ташкилотидир. Ташкилот санъат ва маданият, таълим ҳамда инглиз тили йўналишларида фаолиятни ривожлантиради ва 200 дан ортиқ мамлакат ва ҳудудлардаги инсонлар билан ишлайди. 2024–2025 йилларда ташкилот аудиторияси 600 миллион кишини ташкил этган.