Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Иқтисод

Божхона соҳасида сунъий интеллект технологиялари жорий этилади

Дилафруз Ниязова · 03.04.2025 · 11:40 · 421 views
Божхона соҳасида сунъий интеллект технологиялари жорий этилади
Божхона соҳасида сунъий интеллект технологиялари жорий этилади

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — “Давлат божхона хизмати органларининг фаолиятини ташкил этиш ва божхона маъмуриятчилигини янада такомиллаштиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида” ги Президент қарори (ПҚ-122-сон, 25.03.2025 й.) қабул қилинди.

Қарорга мувофиқ, 2025 йилда божхона соҳасини ривожлантиришнинг асосий мақсадлари этиб қуйидагилар белгиланди:

- соҳага сунъий интеллект технологияларини жорий этиш;

- божхона органлари ахборот тизимларини такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш;

- божхона органлари ташкилий тузилмаларини оптималлаштириш.

Божхона қўмитаси тизимида Божхона расмийлаштируви маркази ташкил этилади. Бунда ҳудудий бошқармаларнинг масофавий электрон декларациялаш божхона постлари босқичма-босқич тугатилади.

Божхона қўмитаси таркибида божхона соҳасига сунъий интеллект технологияларини жорий этишга ихтисослашган тузилма ташкил этилади. Тузилманинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланди. Жумладан:

- сунъий интеллект технологиялари соҳасида илғор хорижий давлатлар тажрибаларини ўрганиш;

- божхона назорати ва расмийлаштирувини қамраб олган сунъий интеллект технологияларини тадқиқ қилиш, уларнинг самарали ишлашини таъминлаш ҳамда доимий тарзда сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқиш чораларини кўриш.