7
Иқтисод

BMB HOLDING ва Tashkent International University ҳамкорлик меморандумини имзолади

BMB HOLDING ва Tashkent International University ҳамкорлик меморандумини имзолади
BMB HOLDING ва Tashkent International University ҳамкорлик меморандумини имзолади / Фото: BMB HOLDING.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — BMB HOLDING ва Tashkent International University талабалар учун ишлаб чиқариш амалиёти ва стажировкаларни ташкил этиш, шунингдек, қўшма таълим ва тадқиқот лойиҳаларини амалга оширишни назарда тутувчи ҳамкорлик меморандумини имзолади.

Ҳужжат 26 ноябрь куни BMB HOLDING Таъсисчилар кенгаши раиси Бекзод Маматқулов ва университет ректори Искандар Юлдашев томонидан имзоланди.

Келишув таълим тизими ва ишлаб чиқариш сектори ўртасидаги узоқ муддатли ҳамкорликни ривожлантириш, малакали мутахассислар тайёрлаш ҳамда талабаларнинг касбий имкониятларини кенгайтиришга қаратилган.

Ҳамкорлик доирасида BMB HOLDING университет талабаларига холдинг таркибидаги корхона ва ташкилотларда ишлаб чиқариш амалиёти ҳамда стажировкалардан ўтиш имкониятини тақдим этади. Шунингдек, дуал таълим дастурлари доирасида амалий тажриба орттириш ҳам назарда тутилган.

Томонлар холдинг мутахассислари ва экспертларини таълим жараёнига жалб қилиш, илмий-тадқиқот ишларини ўтказишга кўмаклашиш, шунингдек, инновацион ташаббуслар ва стартап лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш ниятида.

Учрашувда иқтидорли талабаларни қўллаб-қувватлаш чоралари, жумладан, BMB HOLDING грантларини таъсис этиш имконияти муҳокама қилинди. Бундан ташқари, амалиёт ва стажировка давомида ўз қобилиятини намоён этган битирувчилар ҳамда ёш мутахассисларни ишга жойлаштириш истиқболлари кўриб чиқилди.

Таълим дастурларини меҳнат бозори талабларига мослаштириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Учрашув иштирокчилари университет профессор-ўқитувчиларини жалб этган ҳолда илмий, таҳлилий ва консалтинг хизматларини кўрсатиш имкониятларини ҳам муҳокама қилди.

Ҳамкорликнинг бошқа йўналишлари қаторида қўшма семинарлар, тренинглар ва конференциялар ўтказиш ҳам белгиланган.

Меморандум университет таълими ва ишлаб чиқариш ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш, шунингдек, талабаларнинг касбий тажриба орттириши ва кейинчалик ишга жойлашиши учун имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилиши кутилмоқда.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.