Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Иқтисод

Бишкекда ташкилотнинг 25 йиллиги шарафига ШҲТ Ишбилармонлар кенгаши бошқаруви йиғилиши бўлиб ўтди

UzDaily таҳририяти · 26.06.2026 · 11:30 · 26 views
Бишкекда ташкилотнинг 25 йиллиги шарафига ШҲТ Ишбилармонлар кенгаши бошқаруви йиғилиши бўлиб ўтди

Бишкекда ташкилотнинг 25 йиллиги шарафига ШҲТ Ишбилармонлар кенгаши бошқаруви йиғилиши бўлиб ўтди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Қирғиз Республикасининг Бишкек шаҳрида Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти (ШҲТ) Ишбилармонлар кенгаши бошқарувининг йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси маслаҳатчиси Алишер Шайхов иштирок этди.

ШҲТнинг 25 йиллиги нишонланаётган йилда ташкил этилган мазкур тадбир иштирокчилар томонидан ташкилотнинг иқтисодий салоҳиятини янада мустаҳкамлаш учун муҳим мулоқот майдони сифатида эътироф этилди. Қайд этилганидек, бугунги кунда ШҲТ мамлакатлари жаҳон аҳолисининг қарийб ярмини қамраб олган бўлиб, катта иқтисодий, инвестициявий ва инсон капитали салоҳиятига эга ҳудудни ташкил этади.

Йиғилиш давомида савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш, қўшма лойиҳаларни илгари суриш, тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш ҳамда давлатлар ўртасидаги ишбилармонлик алоқаларини мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.

Шунингдек, рақамли иқтисодиёт, сунъий интеллект, электрон тижорат, «яшил» иқтисодиёт, энергетика ва транспорт-логистика соҳаларида ҳамкорликни ривожлантириш, инвестициявий ҳамкорликни фаоллаштириш, рақамли трансформация жараёнларини жадаллаштириш ва транспорт боғлиқлигини мустаҳкамлаш юзасидан фикр алмашилди.

Тадбир доирасида Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг 25 йиллиги муносабати билан таъсис этилган юбилей медалларини топшириш маросими ҳам бўлиб ўтди. Мукофотлар ШҲТ доирасида иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш, ишбилармонлик алоқаларини мустаҳкамлаш ва қўшма ташаббусларни илгари суришга муносиб ҳисса қўшган вакилларга топширилди.

Йиғилиш якунлари бўйича амалий ҳамкорликни кенгайтириш, қўшма инвестиция ва инфратузилма лойиҳаларини илгари суриш ШҲТ маконида барқарор иқтисодий ўсишни таъминлашнинг муҳим омилларидан бири экани таъкидланди.