Беҳруз Каримов «Лугано» сафида Конференциялар лигасида дебют қилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон терма жамоаси ҳимоячиси Беҳруз Каримов Швейцариянинг «Лугано» клуби сафида Конференциялар лигасида дебют қилди. 19 ёшли футболчи «Маккаби» (Тел-Авив)га қарши плей-офф босқичи жавоб учрашувининг 82-дақиқасида майдонга захирадан тушиб, Ренато Штеффеннинг ўрнини эгаллади.
Учрашув 27 август куни Грузиядаги «Батуми Арена» стадионида бўлиб ўтди ва 1:1 ҳисобида якунланди. «Лугано» биринчи учрашувда қўлга киритган устунлигини сақлаб қолди. Швейцария клуби дастлабки баҳсда 2:1 ҳисобида ғалаба қозонган эди. Икки учрашув натижасига кўра Каримов жамоаси 3:2 ҳисобида ғалаба қозониб, Конференциялар лигасининг асосий босқичига йўл олди. (fclugano.com)
Жавоб учрашувининг биринчи бўлими голларсиз якунланди. Танаффусдан сўнг Маттиа Занотти майдондан четлатилганидан кейин «Маккаби» олдинга чиқиш имкониятига эга бўлди. У 58-дақиқада иккинчи сариқ карточкасини олди.
69-дақиқада Дор Перец пенальтини аниқ амалга ошириб, мезбонларни олдинга олиб чиқди. Бироқ камчиликда ҳаракат қилган «Лугано» орадан ўн дақиқа ўтиб ҳисобни тенглаштира олди. 79-дақиқада Янис Чиминьянининг узатмасидан сўнг Дерек Монкада тўпни дарвозага йўллади.
Каримов учрашув якунида майдонга тушиб, Штеффенни алмаштирди. Унинг майдонга тушиши Конференциялар лигасидаги дебюти бўлди.
«Лугано» турнирнинг асосий босқичида иштирокини давом эттиради. Швейцария жамоасининг рақиби қуръа натижасида аниқланади. Тел-Авивнинг «Маккаби» клуби эса Конференциялар лигасидаги иштирокини якунлади.