Ўзбекистон

БААдан Ўзбекистонга қийин аҳволда қолган фуқаро қайтарилди

БААдан Ўзбекистонга қийин аҳволда қолган фуқаро қайтарилди
БААдан Ўзбекистонга қийин аҳволда қолган фуқаро қайтарилди / Фото: Ўзбекистон ТИВ.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистоннинг Дубайдаги Бош консулхонаси БААда оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолган фуқаро У.Р.нинг ватанга қайтишига кўмаклашди. Бу ҳақда «Дунё» АА мухбири хабар берди.

Бош консулхона маълумотларига кўра, фуқаро БААга ишга жойлашиш мақсадида борган. Мамлакатдан чиқишидан олдин у Ўзбекистон Миграция агентлигига мурожаат қилмаган ва БААга келганидан сўнг мустақил равишда иш излай бошлаган.

Мос иш ўрни топа олмаган фуқаро молиявий қийинчиликларга дуч келган. Унинг яшаши ва овқатланиши учун маблағи, шунингдек, Ўзбекистонга қайтиш учун авиачиптани мустақил равишда сотиб олиш имконияти қолмаган.

Бош консулхона дипломатлари фуқаро билан суҳбат ўтказиб, унинг вазияти билан боғлиқ ҳолатларни ўрганди. Унга вақтинча турар жой ва озиқ-овқат берилди, шундан сўнг Дубайдан Ўзбекистонга учиб кетиши учун зарур ёрдам кўрсатилди.

Бош консулхона хорижда ишлашни режалаштираётган фуқароларга олдиндан Ўзбекистон Миграция агентлигига мурожаат қилишни тавсия этмоқда. Агентлик орқали расмий ва хавфсиз ишга жойлашишда кўмак, мавжуд бўш иш ўринлари ва иш берувчилар билан боғланиш учун алоқа маълумотлари, шунингдек, зарур ҳужжатларни расмийлаштиришда ёрдам олиш мумкин.

Ўзбекистоннинг Дубайдаги Бош консулхонаси амалдаги қонунчилик доирасида хорижда мураккаб вазиятларга тушиб қолган фуқароларга консуллик-ҳуқуқий ва амалий ёрдам кўрсатишда давом этмоқда.

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.