Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистоннинг Андижон вилоятида қарийб 2 килограмм гашишни 18 минг долларга сотаётган икки нафар эркак қўлга олинди.
Операция Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари, ДХХнинг вилоят бошқармаси ва ички ишлар бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилди.
1988 ва 1995 йилларда туғилган гумонланувчилар Пахтаобод туманида шартли харидорга 1 килограмм 971 грамм гашишни сотаётган вақтда ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар маълумотига кўра, қўлга олиш вақтида эркаклар тезкор ходимларга фаол қаршилик кўрсатган ва қочишга уринган.
Қўлга олинганларга нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 273-моддаси бўйича жиноят иши қўзғатилди. Уларга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилди.
Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.