Иқтисод

Андижон вилояти Хитой билан қатор лойиҳалар бўйича келишувларга эришди

Андижон вилояти Хитой билан қатор лойиҳалар бўйича келишувларга эришди
Андижон вилояти Хитой билан қатор лойиҳалар бўйича келишувларга эришди / Фото: Андижон вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) —Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов бошчилигидаги делегация Хитойнинг Цзянси провинцияси ҳукумати вакиллари ҳамда тадбиркорлари билан музокаралар ўтказди.

Томонлар саноат кооперациясини ривожлантириш, қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ва ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш масалаларини муҳокама қилди. Бу ҳақда Андижон вилояти ҳокимлиги хабар берди.

Музокаралар давлат тузилмалари ва бизнес вакиллари иштирокида B2B ва B2G форматларида бўлиб ўтди. Учрашувлар давомида ишлаб чиқариш корхоналари ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш ва қўшма лойиҳаларни молиялаштириш бўйича ташаббуслар илгари сурилди.

Музокаралар якунида томонлар бир нечта йўналишни қамраб олган ўзаро англашув меморандумларини қабул қилди. Улар саноат, қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик ишлаб чиқариши, кичик гидроэлектр станцияларини қуриш, мебель саноати, логистика ва қурилиш соҳаларини ўз ичига олади.

Эришилган келишувларни амалиётга тезроқ татбиқ этиш мақсадида қўшма ишчи гуруҳлар тузилди.

Лойиҳаларнинг амалга оширилиши доимий назорат қилиб борилади.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.