Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Хорижий инвесторлар кенгаши 25 ноябрь куни Тошкентда навбатдаги оралиқ йиғилишини ўтказди. Учрашувга инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов раислик қилди.
Кенгаш иқтисодиётнинг 23 та тармоғини ифодаловчи 45 та халқаро компанияни бирлаштиради. Ноябрь ойида унинг фаолиятига Япониянинг ITOCHU Corporation ва Германиянинг Deutsche Bank компаниялари ҳам қўшилди.
Иштирокчилар Ўзбекистон Президенти раислигида июнь ойида ўтказилган Кенгаш йиғилиши якунлари бўйича шакллантирилган йўл харитасининг бажарилишини кўриб чиқди. Шунингдек, 11 та идоралараро ишчи гуруҳнинг фаолияти муҳокама қилинди.
Муҳокамалар марказида инвестиция ва солиқ қонунчилигининг барқарорлиги, ердан фойдаланиш, давлат-хусусий шериклик, энергия таъминоти ҳамда бизнеснинг молиялаштириш имкониятларидан фойдаланиши билан боғлиқ масалалар бўлди.
Бундан ташқари, инвесторлар ислом молиясини ривожлантириш ва чиқиндиларни қайта ишлаш бўйича таклифларини тақдим этди. Хорижий мутахассисларни жалб қилиш тартиб-таомилларини соддалаштириш масаласи ҳам алоҳида муҳокама қилинди.
Йиғилиш якунлари бўйича Кенгаш баённомаси имзоланди. Халқаро компаниялар томонидан билдирилган таклифларни тегишли идоралар билан биргаликда ишлаб чиқиш режалаштирилган.
Муҳокамалар натижалари Кенгашнинг 2027 йилдаги фаолиятининг устувор йўналишларини белгилашда ҳам инобатга олинади.