Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Андижон вилояти делегацияси ва хитойлик тадбиркорлар умумий қиймати 513 млн доллар бўлган тўққизта инвестиция лойиҳасини амалга ошириш бўйича келишувга эришди.
Тегишли ўзаро англашув меморандумлари Хитойнинг Цзянси провинциясида ўтказилган халқаро бизнес-форум доирасида имзоланди. Бу ҳақда Андижон вилояти ҳокимлиги хабар берди.
Келишилган ташаббуслар қаторида Андижон вилоятида «Андижон Чайна-Сити» мажмуаси ва энергетика саноат паркини ташкил этиш лойиҳалари бор.
Бундан ташқари, томонлар Бобур шаҳрида савдо-маиший мажмуа қуриш ҳамда Янги Тошкентда кўчмас мулк лойиҳаларини ривожлантиришни режалаштирмоқда.
Ҳокимлик маълумотига кўра, имзоланган ҳужжатлар янги қўшма корхоналарни ишга тушириш, ишлаб чиқаришга замонавий технологияларни жалб этиш ва ҳудуднинг экспорт имкониятларини кенгайтиришни назарда тутади.
Шунингдек, лойиҳалар янги иш ўринларини яратиш ва аҳоли бандлигини таъминлашга қаратилган.