Акмал Мавлонов Брюсселда Жаҳон савдо ташкилоти раҳбари билан божхонани рақамлаштиришни муҳокама қилди
Акмал Мавлонов Брюсселда Жаҳон савдо ташкилоти раҳбари билан божхонани рақамлаштиришни муҳокама қилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Брюссел шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Божхона қўмитаси Раиси А Мавлоновнинг Жаҳон божхона ташкилоти Бош котиби Ян Сандерс билан учрашуви бўлиб ўтди.
Учрашувда мамлакатимиз божхона тизимида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, рақамли трансформация жараёнлари ҳамда Жаҳон божхона ташкилоти билан ҳамкорликнинг устувор ва истиқболли йўналишлари атрофлича муҳокама қилинди.
Томонлар Ўзбекистоннинг Бельгиядаги элчихонаси ҳузурида Божхона қўмитасининг расмий вакили — божхона атташеси институти ташкил этилганини муҳим қадам сифатида баҳоладилар.
Таъкидланганидек, мазкур ташаббус Ўзбекистоннинг Жаҳон божхона ташкилоти фаолиятидаги иштирокини янада кучайтириш, халқаро ташаббусларни илгари суриш ва кўп томонлама ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади. Учрашувда доимий вакил Л. Атоев ҳам иштирок этди.
Мулоқот чоғида Жаҳон божхона ташкилоти кўмагида ўтказилаётган семинарлар, тренинглар ва диагностик миссиялар натижасида миллий экспертлар салоҳияти изчил ривожланиб бораётгани алоҳида қайд этилди.
Жумладан, яқинда Божхона қўмитаси ходими Н. Қурбонов Самарадорликни баҳолаш механизмлари (Перформансе Меасуремент Мечанисмс) бўйича ЖБТнинг халқаро эксперти мақомини қўлга киритгани юқори баҳоланди.
Шунингдек, Ўзбекистонда чегара-божхона постлари фаолиятига рақамли технологиялар ва интеллектуал ечимларни кенг жорий этиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.
Томонлар ахборот алмашинувини кенгайтириш, хавфларни бошқариш тизимини такомиллаштириш ҳамда таҳлилий имкониятларни ривожлантириш соҳаларида ҳамкорликни янада чуқурлаштириш муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидладилар.