Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Ўзбекистон

Мирзиёев энергетика бошқарувини асосий муаммо деб атади

UzDaily таҳририяти · 27.07.2026 · 15:58 · 40 views
Мирзиёев энергетика бошқарувини асосий муаммо деб атади

Мирзиёев энергетика бошқарувини асосий муаммо деб атади

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ёқилғи-энергетика тармоғида келгусидаги устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилиши бошланди.

Давлатимиз раҳбари сўнгги ўн йилда энергетика соҳасида жуда катта ислоҳотлар амалга оширилганини таъкидлади. Қонун ва қарорлар қабул қилиниб, соҳада хусусий сектор ва хорижий инвесторлар учун йўл очилди.

Президентимиз инвесторлар билан бир неча бор шахсан учрашиб, уларнинг таклифларини эшитганини қайд этди. Ҳар бир йирик лойиҳани амалга ошириш учун шароит яратилиб, зарур кафолатлар берилди.

Натижада энергетика соҳасига 23 миллиард доллар хорижий инвестиция киритилди, жойларда 9,5 гигаваттли электр станциялари ишга туширилди. Шу тариқа генерация бўйича ички эҳтиёжни тўлиқ қоплайдиган қувватлар яратилди.

Сўнгги йилларда электр ва газ тармоқлари, подстанциялар, трансформаторлар ва газ тақсимлаш қурилмаларини янгилаш учун 30 триллион сўм ажратилди. Бу олдинги 25 йилда йўналтирилган маблағдан 6 карра кўп.

“Очиқ айтиш керак. Энергетикада муаммо маблағда эмас, чунки қанча керак бўлса, топиб беряпмиз. Муаммо тизимнинг бошқарувида!”– деди Президентимиз.

Барча ҳудудларда деярли бир хил тармоқ бўлгани билан айрим туманлар яхши ишлаётгани, бошқаларида эса доим авария содир бўлаётгани кўрсатиб ўтилди. Бу талаб назорат ва интизомнинг ҳар хиллиги билан боғлиқ.

Энергетика вазирлиги ва унинг қуйи бўғинларидаги раҳбарларда ижро ва масъулият етишмаётгани танқид қилинди. Шу боис, одамлар ҳам, тадбиркорлар ҳам тизимга масъул раҳбарларнинг ҳозирги ишидан мутлақо норози.

“Такрор айтаман: тизимдаги ҳар бир раҳбарнинг қилаётган иши, энг аввало, одамларнинг ҳаётида, турмуш тарзида сезилиши, тадбиркорларнинг мушкулини осон қилиши керак”,– деди давлатимиз раҳбари.

Ҳар йили ёз ва қишда ўнлаб подстанцияларда авария бўлиб, юзлаб трансформаторлар ёниб кетмоқда. Июнь-июль ойларининг ўзида 4 мингга яқин авария содир бўлиб, аҳоли ва тадбиркорлар 8-10 соатгача электрсиз қолган.

Сўнгги беш йилда Ширин шаҳри, Янгиҳаёт, Яккасарой ва Оҳангарон туманида электр истеъмоли 2 каррадан зиёд ошган. Бироқ масъуллар ва ҳокимлар тармоқларнинг бундай юкламани кўтара олмаслигини олдиндан ҳисобга олмаган.

Президентимиз ҳар бир узилиш тадбиркорлар ва иқтисодиётга қанча зарар келтиргани ҳисоблаб чиқилмаганини танқид қилди. Ҳокимлар энергия истеъмоли балансини аниқ билмагани учун миллиардлаб маблағ ҳавога кетаётганини кўрсатиб ўтди.

Бугунги кунда айрим ҳокимларда инфратузилмани яхшилаш бўйича аниқ ҳисоб-китоб мавжуд эмас.

Тармоқдаги йўқотишлар 17,2 фоизни ташкил этмоқда. Ўтган олти ойда 4,8 миллиард киловатт-соат электр энергияси йўқотилган.

Андижон шаҳри, Асака, Янгиобод, Косон, Кўкдала, Бойсун, Олтинсой, Қўштепа, Тошлоқ, Қўшработ ва Самарқанд туманида йўқотишлар 25 фоиздан юқори.

АСКУЭ ва АСКУГ тизими жорий қилинганига тўрт йилдан ошган бўлсада, аҳоли хонадонларига ўрнатилган 300 мингта газ ва 234 мингта электр ҳисоблагич тармоққа маълумот узатмаяпти. Оқибатда айрим ҳудудларда дебитор қарздорлик камайиш ўрнига кўпаймоқда.

Лекин кўп раҳбарлар самарадорлик деганда фақат қуёш панели ўрнатишни тушуниб юргани, уй энергия самарадор бўлмаса, сарфланган маблағ беҳуда кетавериши қайд этилди.

Йиғилишда Сурхондарёдаги буғ-газ электр станцияси қурилиши учун жой нотўғри танлангани танқид қилинди. Газни станцияга етказиш учун 300 миллион доллар сарфлашга тўғри келмоқда.

Ташаббускор билан тузилган шартнома шартлари пухта ўрганилмагани қўшимча харажат юзага келиш эҳтимолини пайдо қилган. Масъулларга шартнома шартларини қайта кўриб чиқиш топширилди.

Тизимдаги жиддий камчиликлар учун энергетика вазири ва “Ҳудудий электр тармоқлари” раҳбари лавозимидан озод этилди. “Миллий электр тармоқлари”, “Иссиқлик электр станциялари”, «Трансгаз» ва «Ҳудудгаз» раҳбарларига йил якунигача синов муддати белгиланди. Натижа бўлмаса, улар ҳам ишдан кетиши ҳақида огоҳлантирилди.

Янги энергетика вазири Шерзод Ходжаев, “Ҳудудий электр тармоқлари”нинг янги раҳбари Сардор Исақулов ва Энергия инспекциясининг янги бошлиғи Ахад Исоқжонов бугундан янгича иш услубини жорий қилиши шартлиги таъкидланди.

“Ҳокимлар ҳам “Бу энергетикларнинг иши” деб хотиржам ўтиришга ҳаққи йўқ. Сўров қаттиқ бўлади”,– деди Президентимиз.

Жойларда ишни қандай ташкил этиш Янгийўл тумани мисолида кўрсатиб берилди. Туманда 1 минг 400 километр электр тармоғи ва 422 та трансформатор мавжуд.

Сўнгги беш йилда аҳолининг электр истеъмоли 68 миллиондан 102 миллион киловатт-соатга, яъни 1,5 карра ошган. Лекин бу даврда бор-йўғи 60 та трансформатор ва 240 километр тармоқ янгиланган. Йил бошидан электр йўқотишлари 30 миллион киловатт-соатга етган, тармоқларда 37 та авария содир бўлган.

Тўлов интизоми яхши йўлга қўйилмагани сабабли дебитор қарздорлик 43 миллиард сўмга чиқиб кетган. Шунинг 9,4 миллиард сўми нореал қарздорлик ҳисобланади.

Туманда 829 та истеъмолчининг ҳисоблагичи АСКУЭ тизимига мос келмайди, яна 2 мингта ҳисоблагич маълумот юбормайди. Солиққа «ноль» ҳисобот топширган 48 та корхона эса олти ойда 871 минг киловатт-соат электр ишлатган.

Газ таъминотида ҳам худди шундай аҳвол кузатилмоқда. 5 мингдан ортиқ газ ҳисоблагич маълумот узатмаётгани оқибатида қарздорлик 188 миллиард сўмга етган.

Янгийўл тумани аҳолиси ва тадбиркорларини электр ҳамда газ билан барқарор таъминлаш бўйича махсус штаб ташкил этилади. Унга энергетика вазири Шерзод Ходжаев бошчилик қилади, туман ҳокими Санъат Жуманиёзов эса унинг ўринбосари бўлади.

Масъуллар икки ҳафтада туманнинг 51 та маҳалласида аҳоли ва тадбиркорларнинг ойлик, чораклик ва йиллик талабини ўрганади. Шу асосда “энергия истеъмоли баланси” шакллантирилади.

Қайси маҳаллада трансформатор ёки газ тақсимлаш қурилмасини янгилаш, қаерда тармоқ тортиш зарурлиги аниқ белгиланади. АСКУЭ ва АСКУГ тизимига мос келмайдиган ҳисоблагичлар алмаштирилиб, маълумот узатмаётган қурилмаларнинг узлуксиз алоқаси таъминланади.

Электр ва газ йўқотишларини 2 карра камайтириш бўйича алоҳида дастур ишлаб чиқилади. Бунда зарур маблағнинг қанчаси тизим корхоналари, қанчаси маҳаллий қўшимча даромад ҳисобидан ажратилиши аниқ кўрсатилади.

Йирик истеъмолчи бўлган корхоналар энергия аудитидан ўтказилиб, уларни тежамкор технологияларга ўтказиш учун банклар томонидан ресурс ажратилади. Барча боғча, мактаб, техникум, шифохона ва поликлиникаларнинг энергия сарфи таҳлил қилиниб, тоифаларга ажратилади.

Кўп қаватли уйларнинг иситиш тизими диагностика қилинади, қарздорликни бартараф этиш бўйича кўчама-кўча иш олиб борилади. Барча ишлар 1 октябргача якунланиб, Янгийўл электр ва газ таъминоти бўйича намунавий туманга айлантирилади.

Янгиликлар янгиланмоқда