Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Ўзбекистон

Янги Тошкентга илк аҳоли 2027 йилда кўчирилиши мумкин

UzDaily таҳририяти · 29.07.2026 · 13:10 · 22 views
Янги Тошкентга илк аҳоли 2027 йилда кўчирилиши мумкин
Янги Тошкентда илк аҳолини 2027 йилдан турар жойларга кўчириш режалаштирилмоқда. Ҳудудда университетлар ва стадион қурилмоқда. / Фото: Ўзбекистон Президенти Матбуот хизмати.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Янги Тошкентда илк аҳолини турар жойларга 2027 йилдан бошлаб кўчириш мумкин. Бу ҳақда Янги Тошкент дирекцияси директори маслаҳатчиси Саидазим Шарипов O’zbekiston 24 телеканалига берган интервьюсида маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, Янги Тошкентни ривожлантириш учун 20 минг гектар ер ажратилган бўлиб, биринчи босқичда 6 минг гектар майдон ўзлаштирилмоқда.

Қурилиш ишлари 2024 йилда бошланган ва икки йил давомида биринчи босқич ҳудудининг асосий қисмида ишлар олиб борилди.

Дастлабки босқичда асосий эътибор ер ости муҳандислик коммуникацияларини барпо этишга қаратилди. Ҳозирда биринчи объектларда қурилиш ишлари якуний босқичга етган.

Жумладан, «Янги Ўзбекистон» университети ва Низомий номидаги Миллий педагогика университети кампуслари, шунингдек, Ўзбекистон Миллий кутубхонаси биноси қурилиши якунланиш арафасида.

Шариповнинг таъкидлашича, Президент Шавкат Мирзиёев қурилиш майдонига мунтазам ташриф буюриб, келажакдаги бинолардан фойдаланувчилар учун қулайлик яратилишига алоҳида эътибор қаратмоқда.

Шу билан бирга, 2027 йилда 20 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги жаҳон чемпионати ўйинлари ўтказилиши режалаштирилаётган стадион ҳам жадал суръатларда қурилмоқда. Шариповнинг сўзларига кўра, уни ҳам келаси йилда якунлаш режалаштирилган.