Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Спорт

Хорватия Панамани мағлуб этиб, имкоятни сақлаб қолди

UzDaily таҳририяти · 24.06.2026 · 11:08 · 20 views
Хорватия Панамани мағлуб этиб, имкоятни сақлаб қолди

Хорватия Панамани мағлуб этиб, имкоятни сақлаб қолди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Хорватия миллий терма жамоаси футбол бўйича жаҳон чемпионати гуруҳ босқичининг иккинчи тур учрашувида Панама терма жамоаси устидан ғалаба қозонди. Канаданинг Торонто шаҳрида бўлиб ўтган баҳс Европа вакилларининг 1:0 ҳисобидаги устунлиги билан якунланди.

Ушбу қарама-қаршиликдаги ягона ва ҳал қилувчи голга ҳужумчи Анте Будимир муаллифлик қилди. У учрашувнинг 54-дақиқасида рақиб дарвозасини ишғол этиб, жамоасига муҳим ғалабани тақдим этди.

Иккинчи тур якунларига кўра, L гуруҳида пешқадамликни 4 очко тўплаган Англия терма жамоаси сақлаб қолмоқда. Гана миллий терма жамоаси ҳам шунча очкога эга. Ушбу ғалаба орқали Хорватия футболчилари ўз ҳисобларидаги очколар сонини 3 тага етказиб, турнир жадвалида учинчи ўринни мустаҳкамлади. Икки учрашувда ҳам мағлубиятга учраган Панама терма жамоаси эса очкосиз қолмоқда ва муддатидан аввал жаҳон чемпионати плей-офф босқичига чиқиш имкониятини йўқотди.

Гуруҳ босқичининг учинчи ва ҳал қилувчи турида Панама терма жамоаси Англияга қарши майдонга тушади. Хорватия терма жамоаси эса гуруҳдан чиқиш учун муҳим аҳамиятга эга баҳсда Гана билан куч синашади. Ушбу квартетнинг барча учрашувлари 28 июнь кунига ўтар кечаси бўлиб ўтади.

Эслатиб ўтамиз, жорий жаҳон чемпионати АҚШ, Канада ва Мексика томонидан биргаликда қабул қилинмоқда. 19 июль куни якунланадиган мусобақада жаҳон футболи тарихида илк бор 48 та миллий терма жамоа иштирок этмоқда. Амалдаги жаҳон чемпиони эса Аргентина терма жамоаси ҳисобланади.

UzDaily таҳририяти · 👁 20 views · 24.06.2026 · 11:08