Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
O'z Ўз Ру En
Ўзбекистон

Хоразмда маҳаллаларда ишсизлик ва қашшоқликни камайтириш чоралари ўрганилди

Дилафруз Ниязова · 20.08.2026 · 11:35 · 47 views
Хоразмда маҳаллаларда ишсизлик ва қашшоқликни камайтириш чоралари ўрганилди
Хоразмда маҳаллаларда ишсизлик ва қашшоқликни камайтириш чоралари ўрганилди / Фото: Олий Мажлис Сенати Матбуот хизмати.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаеванинг Хоразм вилоятига ташрифи доирасида ишсизлик ва камбағалликни қисқартириш, эҳтиёжманд оилаларга ижтимоий хизматлар кўрсатиш, маҳаллаларнинг ижтимоий инфратузилмасини яхшилаш, шунингдек, ушбу йўналишларда белгиланган вазифалар ижроси устидан самарали депутатлик ва жамоатчилик назоратини амалга ошириш масалалари ўрганилди.

Хусусан, Хива ва Қўшкўпир туманларида “оғир” тоифага киритилган “Ғовук” ҳамда “Шихмашхад” маҳаллаларида амалга оширилаётган ишлар билан танишилди.

Хива туманининг “Ғовук” маҳалласида ҳунармандчилик, жумладан, мебель, эшик ва дераза ромлари ишлаб чиқариш аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда даромад манбаларини кенгайтиришнинг асосий драйверларидан бирига айланган.

Маҳалланинг ихтисослашувидан келиб чиқиб, бу ерда Ҳунармандчилик марказини ташкил этиш, ҳунармандлар учун зарур шароитлар яратиш ҳамда ишлаб чиқаришни кластер усулида йўлга қўйишга қаратилган лойиҳа тақдимоти билан танишилди.

“Шихмашхад” маҳалласининг асосий драйверлари эса ҳунармандчилик ва боғдорчилик бўлиб, бу ерда 100 дан ортиқ ҳунарманд хонадонлари мавжуд. Ҳудудда нақш ўймакорлиги асосида ёғоч маҳсулотлари ишлаб чиқариш кенг йўлга қўйилган, тайёр маҳсулотлар эса Қорақалпоғистон Республикаси ва бошқа вилоятларга етказиб берилмоқда.

“Ғовук” маҳалласида яшовчи Кенжабой Жонибеков хонадонига ташриф буюрилиб, у ерда йўлга қўйилган эшик ва дераза ромлари ишлаб чиқариш лойиҳаси билан танишилди. “Шихмашхад” маҳалласида яшовчи, йил бошида меҳнат миграциясидан қайтиб келган фуқаро Шахло Отажанова эса 100 млн сўмлик имтиёзли кредит эвазига ўз уйида чучвара пишириб сотишни йўлга қўйган.

Сенат Раиси хонадон эгалари билан суҳбатлашиб, яратилган имкониятлар ва мавжуд муаммолар билан қизиқди. Оилавий тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш орқали аҳоли бандлиги ва даромадларини ошириш муҳимлиги қайд этилди.

Маҳаллаларни йил якунига қадар ишсизлик ва камбағалликдан холи ҳудудга айлантириш, эҳтиёжманд оилалар ва уларнинг аъзоларини зарур ижтимоий, тиббий ва таълим хизматлари билан қамраб олиш, барқарор даромад манбаларини шакллантириш бўйича режалаштирилган вазифалар ўрганилди.

Шу билан бирга, оилаларни камбағалликдан тўлиқ чиқариш ва бошлаган фаолиятини мустақил давом эттира олиш даражасига етказишга қадар уларни кузатиб бориш, кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш ҳамда белгиланган вазифалар ижроси устидан депутатлик ва жамоатчилик назоратини кучайтириш зарурлиги таъкидланди.

Маҳалла фаоллари билан учрашувда ушбу вазифаларнинг сифатли бажарилишини ташкил этишдаги муаммолар таҳлил қилинди ва уларнинг ечими юзасидан таклифлар шакллантирилди.