Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Иқтисод

Хитой-Марказий Осиё ёшлар стартап танлови ғолиблари Тошкентда тақдирланди

UzDaily таҳририяти · 30.06.2026 · 11:20 · 18 views
Хитой-Марказий Осиё ёшлар стартап танлови ғолиблари Тошкентда тақдирланди

Хитой-Марказий Осиё ёшлар стартап танлови ғолиблари Тошкентда тақдирланди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкент давлат аграр университетида Хитой–Марказий Осиё университетлари талабалари Стартап инновация ва тадбиркорлик лойиҳалари танловининг финал босқичи ҳамда ғолибларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда Хитой Халқ Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси, Хитойнинг етакчи олий таълим муассасалари, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, ФАОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, Тошкент давлат аграр университети раҳбарияти, профессор-ўқитувчилар ҳамда талаба-ёшлар иштирок этди.

Таъкидланганидек, танлов ёшларнинг инновацион ғоялари ва стартап ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, илмий ишланмаларни амалиётга татбиқ этиш ҳамда Хитой ва Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги илмий-инновацион ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Жорий йилда танловга Хитой ва Марказий Осиёнинг беш давлати олий таълим муассасалари томонидан 239 та стартап лойиҳаси тақдим этилди. Финал босқичида энг истиқболли ишланмалар сараланиб, муаллифлари диплом, сертификат ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.

Тошкент давлат аграр университети талабалари ҳам танловда муносиб иштирок этиб, бир қатор мукофотларни қўлга киритди.

Биринчи ўрин ва олтин медаллар BronSport лойиҳасининг яратувчилари Илҳомжон Жўраев ва Камолиддин Абдукаримов ҳамда PollenCare ишлаб чиқувчилари Элёрбек Менгтураев ва Фарида Нурметовага насиб этди.

Кумуш медаль соҳиблари орасида DiedEnto лойиҳасининг яратувчилари Раҳматжон Рўзиев ва Наврўза Ҳамроева, SlineCare жамоаси вакиллари Яхшибекова ва Избасарова ҳамда EecoBox ғоясининг яратувчилари Суннатилла Хужумуродов ва Махсума Саифуллаева бор эди.

Мутахассислар фикрича, бундай танловлар илм-фан, инновация ва тадбиркорлик интеграциясини кучайтириш, истиқболли стартапларни қўллаб-қувватлаш ҳамда минтақавий илмий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишда муҳим аҳамият касб этмоқда.