Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Uzagrostar Holding ва Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) Ўзбекистонда наслли чорвачиликни ривожлантириш ва аграр лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш масалаларини муҳокама қилди.
Uzagrostar Holding директори Ф. Мухиддиновнинг GIZнинг «Ўзбекистонда яшил иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш» лойиҳаси раҳбари Корнелия Скоков билан учрашуви келгуси ҳамкорлик масалаларига бағишланди.
Томонлар наслли чорвачиликни ривожлантириш имкониятларини кўриб чиқди. Учрашув иштирокчилари наслли чорва молларини нафақат импорт қилиш, балки халқаро тажрибани ҳисобга олган ҳолда уларни илмий асосда парваришлаш ва кўпайтиришни ҳам йўлга қўйиш зарурлигини таъкидлади.
Аввалроқ Uzagrostar Holding Германиянинг Förster Livestock компаниясидан 163 бош қорамол ҳамда Австриянинг Schaap компаниясидан симментал зотли 150 бош қорамол олиб келган эди. Ҳайвонлар аҳоли ва фермер хўжаликларига савдо устамасисиз нархларда топширилган.
Кейинги босқичда компания наслчилик, сунъий уруғлантириш ва дистрибуция йўналишларида Германиянинг BVN Simmental ва GGI-SPERMEX GmbH компаниялари билан ҳамкорликни йўлга қўйди.
Ушбу келишувлар доирасида Ўзбекистонда наслли чорва моллари сонини кўпайтириш учун сифатли уруғ материалларини импорт қилиш режалаштирилган. Бундан ташқари, мамлакатнинг 50 нафар етакчи ветеринария мутахассисини малака ошириш учун Германияга юбориш кўзда тутилган.
Учрашувда ушбу ташаббусларни GIZ билан ҳамкорликда амалга ошириш имкониятлари ҳам муҳокама қилинди.
Ҳамкорликнинг алоҳида йўналиши Uzagrostar Holding томонидан ташкил этилган Buxoro – Agro Star ва Mirzacho‘l – Agro Star компаниялари лойиҳалари билан боғлиқ. Уларни амалга ошириш учун GIZ томонидан жами 250 минг евро миқдорида грант маблағлари ажратилган.
Лойиҳалар томчилатиб суғориш тизимини жорий этиш, қуёш электр станцияларини қуриш, қовун қуритишга мўлжалланган иссиқхоналар ва совуткичли омборхоналар ташкил этишни назарда тутади.
Учрашув якунида томонлар ҳамкорликни давом эттириш ва кенгайтиришга келишиб олди.