7
Иқтисод

Ўзбекистонда тоғ-кон ва металлургия тармоқларини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди

Ўзбекистонда тоғ-кон ва металлургия тармоқларини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди
Ўзбекистонда тоғ-кон ва металлургия тармоқларини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди / Фото: Иқтисодиёт ва молия вазирлиги.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистонда тоғ-кон ва металлургия тармоқларида фаолият юритувчи давлат ва хусусий корхоналар вакиллари Иқтисодиёт ва молия вазирлиги раҳбарияти билан учрашди. Бу ҳақда Ўзбекистон Иқтисодиёт ва молия вазирлиги хабар берди.

Давра суҳбати 2026 йил 25 ноябрь куни иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Хуршед Мустафаев иштирокида бўлиб ўтди.

Учрашувнинг асосий мавзуси давлат органлари ва ишлаб чиқариш корхоналари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда мавжуд имкониятлардан янада самарали фойдаланиш бўлди.

Иштирокчилар сўнгги йилларда амалга оширилган иқтисодий ислоҳотлар натижалари ва соҳадаги асосий ўзгаришларни муҳокама қилди. Тоғ-кон саноати ва геология соҳасидаги устувор вазифалар юзасидан ўз нуқтаи назарини тоғ-кон саноати ва геология вазири ўринбосари Орал Юсупов тақдим этди.

Учрашувда соҳанинг етакчи корхона ва ташкилотлари, жумладан, «Ўзметаллургия» уюшмаси, «Навоий кон-металлургия комбинати» АЖ, «Олмалиқ кон-металлургия комбинати» АЖ, «Навоийуран» давлат корхонаси, «Ўзметкомбинат» АЖ ҳамда «Ўзбекистон ТМК» АЖ вакиллари иштирок этди.

Муҳокамаларга қора металлургия соҳасидаги йирик хусусий ишлаб чиқарувчилар — «В. Л. Гальперин номидаги Тошкент қувур заводи» МЧЖ, «Azia Metall Prof» қўшма корхонаси МЧЖ, «Bao xin metall» МЧЖ ва «Tai Chang Special Steel» МЧЖ вакиллари ҳам қўшилди.

Давра суҳбати давомида иштирокчилар тоғ-кон ва металлургия тармоқларида мавжуд муаммоларни таҳлил қилиб, уларни ҳал этиш бўйича эҳтимолий чоралар юзасидан фикр алмашди. Корхоналарнинг барқарор фаолиятини таъминлаш ва ишлаб чиқариш самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилди.

Компания раҳбарлари ва вакиллари ўз корхоналарининг амалий тажрибасига таянган ҳолда, соҳани жадал ривожлантиришга қаратилган таклифларини тақдим этди.

Учрашув якунида билдирилган таклифларни умумлаштириш, аниқланган муаммолар бўйича манзилли ечимлар ишлаб чиқиш ҳамда масъул давлат органлари ва ишлаб чиқарувчилар ўртасида мунтазам мулоқотни давом эттириш зарурлиги таъкидланди.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.