Туркия ва Ўзбекистон ўртасида туризм соҳасидаги икки томонлама ҳамкорлик мустаҳкамланмоқда

Туркия ва Ўзбекистон ўртасида туризм соҳасидаги икки томонлама ҳамкорлик мустаҳкамланмоқда

Туркия ва Ўзбекистон ўртасида туризм соҳасидаги икки томонлама ҳамкорлик мустаҳкамланмоқда

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Шу кунларда Туркия ва Ўзбекистон ўртасидаги узоқ йиллик дўстлик ҳамда стратегик шериклик доирасида Анқарада диний ва маданий соҳалардаги ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган учрашувлар бўлиб ўтмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Диний-маърифий масалалар бўйича департаментининг бошлиғи, Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ректори Музаффар Камилов бошчилигидаги делегация Туркияга ташриф буюрди. Ташриф доирасида делегация вакилларининг Туркия Республикаси Маданият ва туризм вазирлиги расмийлари билан учрашуви бўлиб ўтди. Унда Туркия Маданият ва туризм вазири Меҳмет Нури Эрсой ва Ўзбекистон делегацияси раҳбари Музаффар Комилов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Зайниддин Эшонқулов иштирок этди.

Учрашув доирасида Туркия ва Ўзбекистон ўртасидаги ўзаро ишончга асосланган дўстона муносабатлар ҳамда стратегик шериклик икки мамлакат раҳбарлари Режеп Таййип Эрдоған ва Шавкат Мирзиёевнинг қатъий сиёсий иродаси туфайли сўнгги йилларда янги босқичга кўтарилгани алоҳида таъкидланди.

Мулоқот давомида, айниқса, вақф тизими ва уни ривожлантириш масалалари муҳокама қилиниб, Ўзбекистонда хайрия фаолияти ҳамда туризм инфратузилмасини мустаҳкамлашга қаратилган ишлар ҳақида маълумот алмашилди. Шунингдек, “Вақф” хайрия жамоат фонди ва Ижтимоий ҳимоя агентлигининг фаолиятига тўхталиб, ушбу ташкилотларнинг жамиятда ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш ва эҳтиёжмандларни қўллаб-қувватлашдаги роли алоҳида таъкидланди.

Шунингдек, томонлар зиёрат туризмини ривожлантириш, ушбу соҳадаги ислоҳотлар ҳамда келгусидаги ҳамкорлик масалаларини ҳар томонлама муҳокама қилдилар. Зиёрат туризми билан вақф мулклари ўртасидаги мустаҳкам боғлиқликка алоҳида эътибор қаратилиб, ушбу икки йўналишни биргаликда ривожлантириш муҳимлиги таъкидланди.

Шунингдек, икки мамлакат ўртасида ўзаро туризм салоҳиятини тарғиб қилишга қаратилган бир қатор ҳамкорлик таклифлари илгари сурилди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг