Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Ўзбекистон

Трансплантация амалиёти учун тиббий хулосалар бериш тартиби белгиланди

Дилафруз Ниязова · 24.11.2025 · 19:54 · 249 views
Трансплантация амалиёти учун тиббий хулосалар бериш тартиби белгиланди
Трансплантация амалиёти учун тиббий хулосалар бериш тартиби белгиланди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Адлия вазирлиги Инсон аъзоларини трансплантация қилиш ҳақида реципиентлар ва донорларга тиббий хулосалар бериш бўйича низомни рўйхатдан ўтказди (рўйхат рақами: 3706, 21.11.2025 й.).

Мазкур Низомда реципиент ва донорларни тиббий текширувлардан ўтказиш ҳамда трансплантация амалиёти учун тиббий хулосалар бериш тартиби белгиланди.

Низомга кўра, реципиент ва тирик донор тиббиёт муассасаларида 3 ой ичида тиббий текширувлардан ўтиши керак.

Тиббий текширув хулосаларига кўра трансплантация амалиётига рухсат бериш фақат Ҳукуматнинг 2024 йил 13 июндаги 333-сон қарорида кўрсатилган давлат тиббиёт муассасаларининг тиббий консилиуми томонидан амалга оширилади.

Тиббий консилиум реципиентга инсон аъзолари ва (ёки) тўқималари трансплантацияси амалиётига муҳтожлиги, донорга эса трансплантация амалиётига лаёқатлилиги тўғрисида тиббий хулосани беради ёки беришни рад этади.

Трансплантация амалиёти инсоннинг кўриш, нутқ, эшитиш қобилиятининг йўқолиши ёки руҳиятнинг бузилиши, меҳнат қобилиятининг 33 фоиздан ортиқ барқарор йўқолишига сабаб бўладиган тарзда зиён етказишига олиб келса реципиент ва донорга тиббий хулосани бериш рад этилади.