Тошкентдаги Turon метро бекатида шифт қисмига шикаст етди
Тошкентдаги Turon метро бекатида шифт қисмига шикаст етди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 16 июль куни Тошкент метрополитенининг Ер усти ҳалқа йўлининг Turon бекатида шифт конструкциясининг бир қисмига шикаст етди. Йўловчилар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида бекат орқали поездлар ҳаракати вақтинча тўхтатилди.
«Тошкент метрополитени» ДУК маълумотига кўра, ҳодиса соат 14:34 да содир бўлган. Шифтнинг декоратив қоплама элементларининг бир қисми йўловчилар платформасига қулаган. Ҳодиса оқибатида икки нафар йўловчи енгил тан жароҳати олган. Уларга воқеа жойида биринчи тиббий ёрдам кўрсатилган.
Ҳодисадан сўнг метрополитен мутахассислари тегишли ташкилотлар билан биргаликда конструкцияларни визуал ва техник кўрикдан ўтказишни бошлади. Дастлабки маълумотларга кўра, шифтнинг декоратив қисми шикастланган. Ҳодиса сабабларини аниқлаш учун махсус комиссия тузилди, шунингдек, тиклаш ишлари ҳам олиб борилмоқда.
Текширув ва таъмирлаш ишлари даврида бекат орқали поездлар ҳаракати чекланди. Йўловчилар ташувини таъминлаш мақсадида Qipchoq ва Quruvchilar бекатлари ўртасида метроавтобусларнинг бепул қатнови йўлга қўйилди.
Бундан ташқари, шаҳар хизматлари транспорт ташкилотлари билан ҳамкорликда қўшимча автобус йўналишларини ташкил қилди. 13 ва 14-бекатлар, шунингдек, 13 ва 12-бекатлар ўртасида тахминан ҳар уч дақиқада қўшимча автобуслар ҳаракатланмоқда.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги маълум қилишича, ҳодисанинг дастлабки дақиқалариданоқ метрополитен раҳбарияти билан доимий алоқа ўрнатилган ва йўловчилар хавфсизлигини таъминлаш учун зарур ёрдам кўрсатилмоқда. Ҳодиса ҳудудида Тошкент шаҳри ИИББ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ходимлари ҳаракатни тартибга солиш ва хавфсизликни таъминлаш ишларини олиб бормоқда.
«Тошкент метрополитени» ДУК йўловчилардан вақтинчалик ноқулайликлар учун узр сўради ва йўловчилар хавфсизлиги корхонанинг устувор вазифаси бўлиб қолишини таъкидлади. Конструкцияларни текшириш ва ҳодиса оқибатларини бартараф этиш ишлари давом этмоқда.