7
Туризм

Тошкентда Халқаро барқарор туризм йили очилиши эълон қилинди

Тошкентда Халқаро барқарор туризм йили очилиши эълон қилинди
Тошкентда Халқаро барқарор туризм йили очилиши эълон қилинди / Фото: Ўзбекистон Президенти Администрацияси матбуот хизмати.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкентда Ўзбекистон ташаббуси билан БМТ томонидан 2027 йил учун эълон қилинган Халқаро барқарор ва инқирозларга чидамли туризм йилининг очилишига бағишланган маросим бўлиб ўтди.

80 дан ортиқ давлат қўллаб-қувватлаган резолюция 2024 йилда БМТ Бош Ассамблеяси томонидан маъқулланган эди. Маросим иштирокчиларига Президент Шавкат Мирзиёевнинг табригини Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева ўқиб эшиттирди. Бу ҳақда Gazeta.uz хабар берди.

Тадбирда БМТ Туризм ташкилоти бош котиби Шайха Ал Новаис ва 45 дан ортиқ мамлакат вакиллари иштирок этди.

Мурожаатда Мирзиёев геосиёсий муаммолар, жаҳон иқтисодиётидаги ўзгаришлар ва хавфсизлик масалалари шароитида туризмнинг давлатлар ва халқларни яқинлаштиришдаги роли тобора ортиб бораётганини таъкидлади.

Унинг сўзларига кўра, 2025 йилда туризмнинг жаҳон ялпи ички маҳсулотидаги улуши 11,6 трлн доллар ёки 9,8 фоизни ташкил этган. Президент, шунингдек, соҳанинг аҳоли бандлигини таъминлаш, кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш ҳамда оилалар фаровонлигини оширишдаги аҳамиятини қайд этди.

Ўзбекистонга 2026 йилнинг дастлабки ўн ойида 11,6 млн нафар турист ташриф буюрди. Бу кўрсаткич 2025 йилнинг бутун давридаги натижага яқин. Туризм хизматлари экспорти 1,5 баробарга ошиб, 6 млрд долларга етди. Туризм соҳаси ва унга боғлиқ тармоқларда қарийб 1 млн киши меҳнат қилмоқда.

2030 йилга қадар мамлакат хорижий туристлар сонини 20 млн нафарга, туризм хизматлари экспортини 10 млрд долларга, соҳадаги бандликни эса 2 млн кишига етказишни мақсад қилган. Туризмнинг ЯИМдаги улуши 7 фоизга етиши кутилмоқда.

2027 йилда Ўзбекистон туризмни барқарор ривожлантириш ва унинг инқирозларга чидамлилигини ошириш бўйича чора-тадбирларни амалга оширишни режалаштирмоқда. Мирзиёев таклиф этган йўналишлар қаторида ички туризмни ривожлантириш ва минтақавий ҳамкорликни чуқурлаштириш ҳам бор.

Президент Марказий Осиёни ягона туристик макон сифатида биргаликда тарғиб қилиш янада салмоқли натижалар бериши мумкинлигини таъкидлади. Шунингдек, замонавий технологияларни миллий анъаналар ва этномаданиятни асраб-авайлаш билан уйғунлаштириш зарурлигига эътибор қаратди.

Соҳани узоқ муддатли ривожлантириш мақсадида давлат раҳбари келгуси беш йилга мўлжалланган глобал ҳаракатлар режасини ишлаб чиқишни таклиф этди. Унинг фикрича, дастур БМТ Жаҳон туризм ташкилоти шафелигида давлатлар, халқаро ташкилотлар ва хусусий сектор имкониятларини бирлаштириши керак.

Маросим 25–27 ноябрь кунлари бўлиб ўтган 31-Тошкент халқаро туризм ярмаркаси — «Ипак йўлида туризм» доирасида ташкил этилди.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.