Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Хитойнинг Наньчан шаҳрида Андижон вилояти делегацияси ҳамда Цзянси провинцияси ишбилармон доиралари вакиллари иштирокида «Андижон — Цзянси» бизнес-форуми бўлиб ўтмоқда. Тадбирда 300 нафардан ортиқ хитойлик тадбиркор ва инвестор қатнашмоқда. Бу ҳақда Андижон вилояти ҳокимлиги хабар берди.
Форумда хитойлик иштирокчиларга Андижон вилоятининг инвестициявий ва саноат салоҳияти тақдим этилмоқда.
Эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналарининг инфратузилмаси, шунингдек, хорижий инвесторлар учун назарда тутилган имтиёзларга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Томонлар саноат, қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик тармоғи, энергетика, мебель ишлаб чиқариш ва транспорт логистикаси соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш истиқболларини муҳокама қилмоқда.
Хабарда Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги инвестициявий ҳамкорликка оид маълумотлар ҳам келтирилган. 2026 йилнинг дастлабки ўн ойида хитойлик инвесторлар Ўзбекистон иқтисодиётига 2 миллиард доллар тўғридан-тўғри инвестиция киритган.