Тошкентда Қодирий кўчасида ҳаракат схемаси оптималлаштирилди
Тошкентда Қодирий кўчасида ҳаракат схемаси оптималлаштирилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкент шаҳрида Абдулла Қодирий кўчасида ҳаракатланиш схемаси оптималлаштирилди. Бу ҳайдовчилар учун ортиқча айланма масофани ва қайрилиш учун сарфланадиган вақтни қисқартириш имконини берди. Бу ҳақда Йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази маълум қилди.
Аввалроқ Экопарк томонидан ҳаракатланиб келаётган ва Мовароуннаҳр ҳамда Маҳатма Ганди кўчалари томон йўл олган ҳайдовчилар рухсат этилган жойда қайрилиш учун икки километрдан ортиқ масофани босиб ўтишга мажбур бўлган. Киритилган ўзгаришлардан сўнг қайрилиш имконияти бевосита Абдулла Қодирий кўчасининг ўзида ташкил этилди.
Натижада ушбу маневрани амалга ошириш масофаси тахминан 500 метргача қисқарди, бу эса аввалги йўналишга нисбатан ўртача тўрт баравар кам дегани. Йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази маълумотларига кўра, бу ортиқча айланма ҳаракатни қарийб 75 фоизга қисқартириш имконини берган.
Шунингдек, манёврни бажариш вақти ҳам камайди: аввал 6–8 дақиқа вақт кетган бўлса, эндиликда қайрилиш тахминан 1,5–2 дақиқани ташкил этмоқда. Идора ҳисоб-китобларига кўра, ҳар бир ҳайдовчи ўртача 4–6 дақиқа вақт тежайди.
Қайд этилишича, мазкур ҳудудда транспорт оқими юқори экани ҳисобга олинганда, ўзгаришлар кунлик самарадорликка сезиларли таъсир кўрсатиши мумкин. Жумладан, ён атрофдаги кўчаларга тушадиган юклама камаяди ва ўтказувчанлик даражаси ошади.
Йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази шаҳар ҳаракати самарадорлиги ва хавфсизлигини оширишга қаратилган Тошкент транспорт инфратузилмасини нуқтавий оптималлаштириш ишларини давом эттирмоқда.