Тошкентда Ўзбекистон-Япония бизнес форуми бўлиб ўтди
Тошкентда Ўзбекистон-Япония бизнес форуми бўлиб ўтди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ташаббуси билан Ўзбекистон–Япония бизнес-форуми бўлиб ўтди. Форум икки мамлакат ўртасидаги инвестициявий, саноат ва технологик ҳамкорликни янада ривожлантиришга хизмат қилди.
Форум давлат идоралари, Япониянинг етакчи компаниялари, банк ва молия институтлари ҳамда бизнес уюшмалари вакилларини бир майдонда жамлади. Тадбир Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2025 йил декабрь ойида Японияга амалга оширган расмий ташрифи доирасида эришилган келишувларнинг амалий давоми бўлди.
Форум давомида Ўзбекистоннинг инвестициявий салоҳияти ҳамда иқтисодиётни либераллаштириш, инвесторлар ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш ва замонавий саноат базасини шакллантиришга қаратилган изчил ислоҳотларга алоҳида эътибор қаратилди. Бугунги кунда мамлакатимизда Япония капитали иштирокидаги 137 та корхона фаолият юритмоқда, шунингдек, 14 та япон компаниясининг ваколатхонаси мавжуд.
Иштирокчилар инфратузилма, энергетика, транспорт, геология, соғлиқни сақлаш, таълим, рақамли трансформация ҳамда саноат кооперацияси йўналишларида ҳамкорликни кенгайтириш истиқболларини муҳокама қилдилар.
Форум компаниялар, банклар, молия институтлари ва тегишли давлат ташкилотлари иштирокидаги B2B ҳамда G2B учрашувлари билан якунланди.