Ўзбекистон

Тошкентда Марказий Осиё чегаралари хавфсизлиги бўйича минтақавий кинология бўйича ўқув курси бўлиб ўтди ўтказилди

Тошкентда Марказий Осиё чегаралари хавфсизлиги бўйича минтақавий кинология бўйича ўқув курси бўлиб ўтди ўтказилди
Тошкентда Марказий Осиё чегаралари хавфсизлиги бўйича минтақавий кинология бўйича ўқув курси бўлиб ўтди ўтказилди / Фото: Ўзбекистондаги ЕХҲТ матбуот хизмати.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) —  2026 йил 5–9 октябрь кунлари Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) Тошкентдаги Ўзбекистон Республикаси Божхона қўмитаси Миллий кинология марказида «Қурол-яроғ, ўқ-дорилар ва портловчи моддаларни аниқлаш» мавзусида беш кунлик минтақавий ўқув курсини ўтказди.

Тренингда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва мезбон мамлакат — Ўзбекистоннинг чегара ҳамда божхона хизматларидан 15 нафар ходим иштирок этди.

Жадал ўқув дастури ноқонуний олиб ўтилаётган ўқотар қуроллар, одатий ўқ-дорилар ва портловчи моддаларни аниқлаш бўйича амалий кўникмаларни ривожлантириш, инструкторлар тайёргарлигини такомиллаштириш ҳамда Марказий Осиё давлатлари кинологик бўлинмалари ишини баҳолаш мезонларини бирхиллаштиришга қаратилди.

Дала шароитидаги амалий машғулотларда ҳидларнинг тарқалиш хусусиятлари, бегона ҳидлар таъсирининг олдини олиш усуллари, ҳаво оқимларини таҳлил қилиш ва турли объектларни, жумладан, транспорт воситаларини тизимли текшириш методикаси ўрганилди. Шунингдек, одамлар гавжум жойларда шахсларни текшириш чоғида тақиқланган буюмларни аниқлаш усулларига эътибор қаратилди.

Айрим ўқув модуллари хизмат итларининг фаровонлигига бағишланди. Уларда итларда стресс белгилари қандай намоён бўлишини аниқлаш ва уларнинг соғлиғини сақлаш орқали юқори даражадаги тезкор шайликни таъминлаш масалалари кўриб чиқилди.

Хизмат итлари билан ишлаш бўйича амалий кўникмалардан ташқари, идоралараро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва мамлакатлар ўртасида ахборот алмашинувини ривожлантиришга алоҳида эътибор берилди.

Қўшма машғулотлар ва касбий тажриба алмашинуви давомида иштирокчилар тезкор ахборотни минтақавий миқёсда самарали алмашишни кучайтириш, шунингдек, қурол-яроғ, ўқ-дорилар ва портловчи моддаларнинг чегаралар орқали ноқонуний олиб ўтилишига чек қўйиш чораларини такомиллаштиришга қаратилган стандарт операцион тартибларни келишиб олди.

Ўзбекистон Республикаси Божхона қўмитаси Миллий кинология маркази директори, полковник Фаррух Қаҳҳоров семинар давомида ўрнатилган касбий алоқаларни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш зарурлигини таъкидлади.

«Тажриба алмашишни давом эттириш, қўшма ўқув тадбирларини ўтказиш, хизмат итлари ва кинологларни тайёрлаш усулларини такомиллаштириш, шунингдек, Марказий Осиё давлатларининг тегишли идоралари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш муҳим. Буларнинг барчаси минтақада хавфсизликни мустаҳкамлашга хизмат қилади», — деди у.

ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори, элчи Антти Карттунен ташкилот хавфсизлик соҳасидаги долзарб вазифаларни биргаликда ҳал қилишда чегара ва божхона хизматларига ёрдам берадиган амалий ҳамкорликни қўллаб-қувватлашини қайд этди.

«Курс давомида ўзбекистонлик инструкторлар Буюк Британияда олган билим ва тажрибаларини Марказий Осиёнинг қолган тўрт давлатидаги ҳамкасблари билан ўртоқлашди. Шу тариқа, аввал ўтказилган таълим натижалари нафақат бир мамлакатга, балки бутун минтақага фойда келтирмоқда», — деди Карттунен.

Курс ЕХҲТнинг «Ўзбекистоннинг Афғонистондан келиб чиқадиган трансчегаравий таҳдидларга қарши курашиш салоҳиятини мустаҳкамлаш» номли бюджетдан ташқари лойиҳаси доирасида ўтказилди. Лойиҳа Германия, Швеция, АҚШ, Финляндия ва Франциянинг молиявий кўмагида амалга оширилмоқда.

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.