Тошкентда криптоактивлар айланмаси билан боғлиқ гумонланувчилар ушланди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкентда криптоактивлар айланмаси соҳасидаги қонунчиликни бузганликда гумон қилинган икки эркак ушланди. Бу ҳақда пойтахт ИИББ матбуот хизмати хабар берди.
Идора маълумотларига кўра, биринчи ҳолатда 24 ёшли эркак ушланган бўлиб, у 2 750 000 USDT миқдоридаги криптоактивларни ноқонуний айлантириш билан шуғулланган.
Иккинчи ҳолатда эса 27 ёшли эркак криптоактивларни харид қилиш ва сотиш бўйича бир нечта операцияларни амалга оширган. Ушбу операцияларнинг умумий қиймати 5 078 166,14 USDTни ташкил этган.
Шундай қилиб, икки ҳолатда амалга оширилган операцияларнинг умумий суммаси 7 828 166,14 USDTга етган.
Ҳар икки ҳолат бўйича Ўзбекистон Жиноят кодексининг криптоактивлар айланмаси соҳасидаги қонунчиликни бузганлик учун жавобгарликни назарда тутувчи 278-8-моддаси билан жиноят ишлари қўзғатилган.