Тошкентда жиноят қидируви ходими коррупцияда ушланди
Тошкентда жиноят қидируви ходими коррупцияда ушланди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкент шаҳрида тезкор тадбир давомида Давлат хавфсизлик хизмати, ИИВ Ўз хавфсизлиги бош бошқармаси ва шаҳар прокуратураси ходимлари томонидан Шайхонтоҳур тумани ИИБ УКД жиноят қидирув бўлими бўлинма бошлиғи ушланди.
Давлат хавфсизлик хизмати матбуот хизмати маълумотига кўра, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходими фирибгарлик ҳолати бўйича қўзғатилган жиноят ишини ижобий ҳал қилишда ёрдам бериш эвазига пул маблағлари олганликда гумон қилинмоқда.
Аниқланишича, у таниш мансабдор шахслари орқали тадбиркорга мазкур ишни ҳал қилишда ёрдам беришни ваъда қилган ва бу хизматлари учун 7 минг АҚШ доллари талаб қилган.
Бундан ташқари, дастлабки маълумотларга кўра, ушланган шахс ресторандаги ёнғин билан боғлиқ, муассаса ходими жабрланган алоҳида жиноят ишини тугатиш эвазига яна 500 АҚШ доллари талаб қилган.
Тезкор тадбир давомида гумонланувчи 2,5 минг АҚШ доллари миқдоридаги аванс маблағини олаётган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинди.
Ҳозирда унга нисбатан жиноят иши қўзғатилган бўлиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.