Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкент шаҳрининг Яккасарой туманидаги Буржар кўчаси Пекин кўчаси деб қайта номланди. Тегишли қарор Халқ депутатлари Кенгаши томонидан қабул қилинди.
Ҳужжатга мувофиқ, «Ракатбоши» маҳалласи ҳудудида жойлашган Буржар кўчасини Пекин кўчаси деб қайта номлаш бўйича Яккасарой тумани ҳокимлигининг таклифи маъқулланган.
Тошкент шаҳар ҳокимининг ўринбосарлари ва Яккасарой тумани ҳокимлигига кўчани қайта номлаш муносабати билан маҳаллий аҳоли ўртасида тушунтириш ишларини олиб бориш топширилди.
Масъул органлар, шунингдек, ҳужжатларга тегишли ўзгартишлар киритиши ва зарур чораларни кўриши керак.
Кўчмас мулк кадастри палатасининг Тошкент шаҳар бошқармасига қайта номланган кўчада жойлашган кўчмас мулк объектлари манзилларини аниқлаш, ўзгартириш ва нормаллаштириш бўйича ишларни икки ой муддатда амалга ошириш топширилди.
Тошкент шаҳар ҳокимлигининг Ободонлаштириш бош бошқармасига кўчанинг янги номи кўрсатилган кўрсаткичлар ва лавҳаларни ўрнатиш ҳамда алмаштириш ишларини уч ой муддатда якунлаш вазифаси юклатилди.