Тошкент вилояти шифокорлари Россияда малака оширади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкент вилояти тиббиёт муассасаларининг 20 нафар шифокоридан иборат гуруҳ малака ошириш ва тажриба алмашиш мақсадида Россиянинг Москва вилоятига йўл олди. 14 кун давомида акушер-гинекологлар, неонатологлар ва педиатрлар Балашиха перинатал маркази ҳамда Митищи болалар кўп тармоқли клиник марказида таълим олади. Бу ҳақда Тошкент вилояти ҳокимлиги хабар берди.
Ўқувлар Тошкент ва Москва вилоятлари тиббиёт муассасалари ўртасидаги ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум доирасида ўтказилмоқда. Дастур давомида мутахассислар россиялик ҳамкасбларининг иш тажрибаси ва тиббий ёрдам кўрсатишнинг замонавий ёндашувлари билан танишиш имкониятига эга бўлади.
Педиатрлар учун ўқув жараёнида болалар саломатлигини муҳофаза қилиш, янги туғилган чақалоқлар ва оғир аҳволдаги болаларга тиббий ёрдам кўрсатиш, шунингдек, турли патологияларга эга беморларни даволаш масалаларига асосий эътибор қаратилади.
Дастур хорижий тажриба ва замонавий тиббий усулларни ўрганишни, кейинчалик олинган билимларни Тошкент вилояти соғлиқни сақлаш муассасаларида қўллашни назарда тутади. Тажриба алмашиш доирасида оналик ва болаликни муҳофаза қилиш соҳасида тиббий ёрдам сифатини оширишга алоҳида аҳамият берилмоқда.
Москва вилояти тиббиёт муассасаларидаги ўқувлардан ташқари, Тошкент вилояти педиатрлари Россия Педиатрларининг VII съездида ҳам иштирок этади.
Таълим дастурининг ташкил этилиши икки ҳудуд тиббиёт муассасалари ўртасидаги ҳамкорликнинг бир қисми бўлди. Ташриф давомида олинган билимлар Тошкент вилоятида тиббий амалиётни такомиллаштиришда қўлланилиши режалаштирилмоқда.