Теннис фестивали ТХИФ иштирокчиларини бирлаштирди
Теннис фестивали ТХИФ иштирокчиларини бирлаштирди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкент Олимпия шаҳарчасида Тошкент халқаро инвестиция форуми (ТХИФ) спорт дастури доирасида «Авлодлар бирлиги» (Generations United) теннис фестивали бўлиб ўтди. Тадбир Ўзбекистон теннис федерацияси ва мамлакатда қайта тикланувчи энергетика соҳасидаги энг йирик инвесторлардан бири бўлган ACWA Power компанияси томонидан ташкил этилди.
Ташаббус авлодлар ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, устозлик маданиятини ривожлантириш ва спорт орқали ижтимоий яккаланишни енгиб ўтишга қаратилган. Лойиҳа спорт тадбирлари жамоат бирдамлигини шакллантириш, тажриба алмашиш ва инсонлар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш учун самарали майдон бўлиб хизмат қилиши мумкинлигини намоён этмоқда.
Фестиваль Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, Спорт вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси кўмагида ТХИФ доирасида ташкил этилган махсус теннис турнирининг бир қисми бўлди. Мусобақаларда Ўзбекистон вакиллари, форумнинг халқаро делегатлари, ёшлар ҳамда катта авлод вакиллари иштирок этди.
2025 йилда йўлга қўйилган «Авлодлар бирлиги» лойиҳаси турли ёш гуруҳлари ўртасида мулоқот етишмаслиги ва ёлғизлик билан боғлиқ долзарб ижтимоий масалаларни ҳал этишга қаратилган.
Спорт ва таълим тадбирларида биргаликда иштирок этиш орқали ташаббус мулоқотни ривожлантириш, ўзаро ишончни мустаҳкамлаш ва авлодлар ўртасида билим алмашинувини рағбатлантиради.
Фестиваль доирасида теннис бўйича маҳорат дарслари ҳамда иштирокчилар тай-брейкларнинг жадал форматида беллашган Generations United Tiebreak Slam турнири ташкил этилди. Бу ёндашув норасмий мулоқот, жамоавий ҳамкорлик ва ижтимоий алоқаларни мустаҳкамлаш учун шароит яратди.
ACWA Power компаниясининг Ўзбекистондаги раҳбари Жон Заидининг таъкидлашича, барқарор ривожланиш авлодлар ўртасидаги ҳамкорликсиз амалга ошмайди.
«Катта авлоднинг тажрибаси ва билимлари ёшларнинг энергияси ҳамда инновацион фикрлаши билан уйғунлашганда жамиятнинг барқарор ривожланиши учун асос яратилади. “Авлодлар бирлиги” лойиҳаси ушбу сифатлар самарали тарзда бир-бирини тўлдириши мумкин бўлган майдонни тақдим этади», — деди у.
Ўзбекистон теннис федерацияси раиси ўринбосари Азиз Хамидовнинг сўзларига кўра, бугун теннисни ривожлантириш спорт ютуқлари доирасидан анча кенг аҳамият касб этмоқда.
«Спорт инсон капиталини шакллантириш, ижтимоий алоқаларни мустаҳкамлаш ва соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишнинг муҳим воситасига айланмоқда. Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида фестивалнинг ўтказилиши лойиҳага қўшимча аҳамият бағишлаб, бизнес, халқаро ташкилотлар ва жамоат институтлари вакилларини бирлаштирмоқда», — деди у.
Ташкилотчилар таъкидлашича, мазкур лойиҳа ACWA Power компаниясининг маҳаллий ҳамжамиятларни қўллаб-қувватлаш ва узоқ муддатли ижтимоий таъсир яратишга қаратилган корпоратив ижтимоий масъулият дастурининг бир қисми ҳисобланади. Компания инсон капиталига инвестиция киритишни йирик инфратузилма ва энергетика лойиҳалари билан бир қаторда барқарор ривожланишнинг муҳим элементи сифатида кўради.
Фестивальнинг ТХИФ майдонида ўтказилиши халқаро инвестиция форумлари нафақат иқтисодий масалаларни муҳокама қилиш майдони, балки ҳаёт сифати ошиши ва жамият бирлигини мустаҳкамлашга қаратилган ижтимоий ташаббусларни илгари суриш платформаси ҳам бўлиши мумкинлигини намоён этди.
Келгусида Ўзбекистон теннис федерацияси ва ACWA Power «Авлодлар бирлиги» лойиҳасини кенгайтириш, спортни оммалаштириш, устозликни ривожлантириш ва турли ёш гуруҳларини фаол жамоат ҳаётига жалб қилиш бўйича янги дастурларни амалга оширишни режалаштирмоқда.
Ташкилотчилар фикрича, бундай ташаббуслар янада инклюзив жамият шаклланишига хизмат қилади ва Ўзбекистонда авлодлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун қўшимча имкониятлар яратади.