Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Ўзбекистон

Танзила Нарбаева «Эл-юрт ҳурмати» ордени билан тақдирланди

UzDaily таҳририяти · 25.07.2026 · 12:15 · 31 views
Танзила Нарбаева «Эл-юрт ҳурмати» ордени билан тақдирланди

Танзила Нарбаева «Эл-юрт ҳурмати» ордени билан тақдирланди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Нарбаевани «Эл-юрт ҳурмати» ордени билан тақдирлаш тўғрисидаги фармонни имзолади.

Фармонга мувофиқ, давлат мукофоти давлат ва жамоат бошқаруви соҳасидаги кўп йиллик самарали меҳнати, парламент фаолиятини ривожлантиришдаги алоҳида хизматлари ҳамда Янги Ўзбекистонда демократик ислоҳотларни изчил амалга оширишга қўшган муносиб ҳиссаси учун берилди.

Ҳужжатда Танзила Нарбаеванинг миллий давлатчиликнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш, инсон шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилишга қаратилган устувор давлат вазифаларини амалга оширишни таъминлаш, шунингдек, жамиятда хотин-қизларнинг ўрни ва мақомини юксалтиришга қўшган ҳиссаси алоҳида қайд этилган.

Фармон билан, шунингдек, унинг ёш авлодни Ватанга муҳаббат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги фаол иштироки ҳамда давлат ҳокимияти институтларини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси эътироф этилди.

Тақдирлаш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси таваллудининг 70 йиллиги муносабати билан амалга оширилди.