Сўмдаги омонатлар бўйича ставка 17,6 фоизга тушди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистонда миллий валютадаги муддатли депозитлар бўйича ўртача номинал фоиз ставкаси 2026 йил июнь ойи якунларига кўра 17,6 фоизни ташкил этди. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2,1 фоиз бандига пасайган. Бу ҳақда Марказий банк маълум қилди.
Шу билан бирга, инфляция жараёнларининг барқарорлашуви фонида сўмдаги муддатли омонатлар бўйича реал фоиз ставкалари нисбатан юқори даражада сақланиб қолмоқда.
Жисмоний шахслар учун реал фоиз ставкаси 8,3 фоизга етди. Бу 2025 йил июнь ойига нисбатан 1,1 фоиз бандига юқори.
Юридик шахслар учун мазкур кўрсаткич 4,9 фоизни ташкил этди ва йиллик ҳисобда 0,5 фоиз бандига пасайди.
Хорижий валютадаги муддатли депозитлар бўйича ўртача номинал фоиз ставкаси 4,5 фоизни ташкил қилди. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг июнь ойига нисбатан 0,1 фоиз бандига камайган.