Шомуродов Суперлигада пенальтидан гол урди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Туркия Суперлигасининг иккинчи туридан ўрин олган учрашувда «Башакшехир» ўз майдонида «Трабзонспор»га 2:1 ҳисобида мағлуб бўлди. Истанбул клуби таркибида Ўзбекистон терма жамоаси капитани Элдор Шомуродов тўлиқ ўйин ўтказиб, пенальтидан гол урди.
«Трабзонспор» 8-дақиқада Муҳаммад Салоҳнинг голи эвазига ҳисобни очди. 11 дақиқа ўтиб, «Башакшехир» пенальти тепиш ҳуқуқига эга бўлди. Жарима зарбасини Шомуродов аниқ амалга ошириб, ҳисобни тенглаштирди.
Иккинчи тайм бошида Салоҳ яна бир бор рақиб дарвозасини ишғол қилди ва дубл қайд этди. Унинг иккинчи голи учрашувдаги ҳал қилувчи гол бўлди. Ўйин охирига қадар жамоалар юқори суръатда ҳаракат қилган бўлса-да, ҳисоб бошқа ўзгармади.
«Башакшехир»нинг ҳар икки ўзбекистонлик футболчиси — Шомуродов ва Аббосбек Файзуллаев учрашувни асосий таркибда бошлади. Файзуллаев 58-дақиқада Давие Зелкега алмаштирилди. Шомуродов эса майдонда 90 дақиқа тўлиқ ҳаракат қилди.
Ғалабадан сўнг «Трабзонспор» очколарини 4 тага етказиб, Суперлига турнир жадвалида учинчи ўринга кўтарилди. «Башакшехир»да эса 3 очко қолди ва жамоа ўнинчи поғонада бормоқда.