ШҲТ ТИВ раҳбарлари Бишкек саммитига тайёргарликни муҳокама қилди
ШҲТ ТИВ раҳбарлари Бишкек саммитига тайёргарликни муҳокама қилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов 24 июль куни Қирғизистоннинг Чўлпонота шаҳрида бўлиб ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилотига (ШҲТ) аъзо давлатлар Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг навбатдаги йиғилишида иштирок этди.
Учрашувнинг асосий мавзуси бўлажак ШҲТ саммитига тайёргарлик масаласи бўлди. Қатнашчилар ташкилот фаолиятининг устувор йўналишлари, кўп томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш, иқтисодий ва транспорт-логистика алоқаларини кенгайтириш, шунингдек, минтақавий хавфсизлик ва барқарор ривожланишнинг долзарб жиҳатларини муҳокама қилдилар.
Йиғилиш якунлари бўйича ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари бир қатор ҳужжатларни имзоладилар.
Тадбир доирасида делегациялар раҳбарлари рамзий картинани биргаликда яратиш маросимида ҳам иштирок этдилар.
Бахтиёр Саидовнинг таъкидлашича, мазкур ташаббус ШҲТга аъзо давлатларнинг ўзаро ишонч, дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатларини янада мустаҳкамлашга бўлган умумий интилишини ифода этади.
Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Қирғизистон ташқи ишлар вазири Жээнбек Кулубаев ҳамда учрашув ташкилотчиларига тадбирнинг юксак савияда ташкил этилгани ва меҳмондўстлик учун миннатдорлик билдирди.