7
Ўзбекистон

Шавкат Мирзиёев Мисрга Қоҳирадаги ёнғин муносабати билан ҳамдардлик билдирди

Шавкат Мирзиёев Мисрга Қоҳирадаги ёнғин муносабати билан ҳамдардлик билдирди
Шавкат Мирзиёев Мисрга Қоҳирадаги ёнғин муносабати билан ҳамдардлик билдирди / Фото: Ўзбекистон Президенти матбуот хизмати.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Қоҳира шаҳрида содир бўлган йирик ёнғин оқибатида инсонлар ҳалок бўлгани ва жабрлангани муносабати билан Миср Президенти Абдулфаттоҳ ас-Сисига ҳамдардлик билдирди.

Давлат раҳбари ҳалок бўлганларнинг оила аъзоларига ҳамдардлик ва қўллаб-қувватлаш сўзларини йўллади, шунингдек, жабрланганларнинг тезроқ соғайиб кетишини тилади.

Ёнғин чоршанба куни Миср пойтахтидаги асосий автомобиль йўлларидан бирида содир бўлди. Миср соғлиқни сақлаш вазири Холид Абдулғаффорнинг маълум қилишича, ҳодиса оқибатида камида 31 киши ҳалок бўлган, яна 20 нафардан ортиқ киши жароҳат олган.

Миср оммавий ахборот воситалари хабарларига кўра, ҳодисага бензин ташувчи цистернанинг ағдарилиши сабаб бўлган. Дастлабки маълумотларга кўра, ҳайдовчи автомобиль олдига юқори кучланишли электр кабели тушиб кетганидан кейин бошқарувни йўқотган.

Жабрланганларга ёрдам кўрсатиш учун ҳодиса жойига 39 та тез тиббий ёрдам автомобили юборилди. Жароҳатланганлар шифохоналарга етказилди.

Миср Президенти Абдулфаттоҳ ас-Сиси ҳам ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари ва жабрланганларга ҳамдардлик билдирди.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.