Сенат, суд ҳокимият, мустақиллиги
Сенат суд ҳокимиятининг мустақиллигини ҳимоя қилишни кучайтирди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Сенатнинг 16-ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, мамлакатимизда суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлаш ва фуқароларнинг одил судловга бўлган ишончини ошириш борасида тизимли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бироқ таҳлилларга кўра ҳамон судлар фаолиятига ташқаридан аралашиш ҳолатлари кузатилмоқда.
Янги Конституциявий нормаларни ҳаётга татбиқ этиш мақсадида ишлаб чиқилган мазкур Қонун билан 2 та кодексга ўзгартиришлар киритилмоқда.
Жумладан, Жиноят кодексига киритилаётган ўзгартишлар билан суд ишларини ҳал этишга аралашганлик учун жиноий жавобгарлик чоралари аниқлаштирилмоқда. Шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда суд биносида тартибни бузиш ва судга ҳурматсизлик қилиш билан боғлиқ ҳаракатлар учун маъмурий жавобгарлик чоралари белгиланмоқда.
Мазкур Қонун аввалроқ Сенат томонидан қайта кўриб чиқилиши лозим бўлган айрим масалалар мавжудлиги сабабли Қонунчилик палатасига қайтарилган эди. Келишув комиссияси доирасида ушбу эътирозлар кўриб чиқилиб, Қонун такомилига етказилди. Қонунда фақат энг долзарб масала – суд мустақиллигини таъминловчи моддалар қолдирилди.
Мазкур Қонуннинг қабул қилиниши судьяларнинг дахлсизлигини таъминлаш, уларнинг фаолиятига ҳар қандай ноқонуний аралашувларнинг олдини олиш ва одил судлов сифатини оширишга хизмат қилади.
Сенаторлар Қонунни маъқуллади.