Сенат Ўзбекистоннинг Янги Тараққиёт Банкига қўшилишини маъқуллади
Сенат Ўзбекистоннинг Янги Тараққиёт Банкига қўшилишини маъқуллади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Сенатнинг ўн бешинчи ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг Янги тараққиёт банки тўғрисидаги Битимга (Форталеза, 2014 йил 15 июль) қўшилиши ҳақида”ги Қонун кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, Битимнинг асосий мақсади – инвестиция фаолияти орқали иштирокчи давлатларнинг ўзаро савдо-иқтисодий ва инвестициявий алоқаларини кенгайтиришга кўмаклашишдир.
Янги тараққиёт банкига аъзо бўлиш мамлакатимиз учун хорижий инвестицияларни жалб қилиш, инфратузилма ва барқарор ривожланиш соҳаларидаги йирик лойиҳаларни молиялаштириш имкониятларини кенгайтиради.
Банк давлат ва хусусий сектор лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш мақсадида кредитлар ажратиш, кафолатлар бериш ва инвестиция киритиш каби замонавий молиявий инструментлардан фойдаланади.
Сенаторларнинг фикрича, Қонуннинг қабул қилиниши Ўзбекистон Республикасининг халқаро молиявий институтлар билан ҳамкорлигини кенгайтириш, инвестицияларни жалб этиш ва иқтисодиёт тармоқларини модернизация қилишга, шунингдек, мамлакатнинг барқарор иқтисодий ўсишини таъминлаш ҳамда инфратузилмани ривожлантиришга хизмат қилади.
Сенаторлар Қонунни маъқуллади.