7
Ўзбекистон

Сенат Ўзбекистонда сафарбарликка тайёргарлик тўғрисидаги қонунни маъқуллади

Сенат Ўзбекистонда сафарбарликка тайёргарлик тўғрисидаги қонунни маъқуллади
Сенат Ўзбекистонда сафарбарликка тайёргарлик тўғрисидаги қонунни маъқуллади / Фото: Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати матбуот хизмати.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Сенати «Сафарбарликка тайёргарлик ва сафарбарлик тўғрисида»ги қонунни маъқуллади. Ҳужжат эҳтимолий ҳарбий таҳдидларга мамлакатни тайёрлаш ва бундай шароитларда давлат фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.

Ҳужжат парламент юқори палатасининг 21-ялпи мажлисида кўриб чиқилди. У мамлакатни олдиндан тайёрлаш, Қуролли Кучларни зарур ресурслар билан таъминлаш, шунингдек, фавқулодда вазиятларда давлат тузилмалари ва жамиятнинг барқарор фаолиятини таъминлашнинг ҳуқуқий асосларини белгилайди.

Сафарбарлик чоралари нафақат фуқароларни ҳарбий хизматга чақиришни, балки энергетика, транспорт, алоқа, соғлиқни сақлаш ва озиқ-овқат таъминоти соҳаларининг узлуксиз ишлашини таъминлашни ҳам қамраб олади.

Сафарбарлик эълон қилинган тақдирда, қонунда белгиланган тоифадаги фуқаролар ҳарбий хизматга чақирилиши мумкин. Бунда уларнинг соғлиғи ҳолати, оилавий аҳволи ва қарамоғидаги шахслар борлиги ҳисобга олинади. Айрим тоифадаги фуқаролар учун ҳарбий хизматга чақирилишни кечиктириш имконияти назарда тутилган.

Ҳарбий хизматга чақирилган ишлаётган фуқароларнинг иш жойи сақлаб қолинади.

Қонунда назарда тутилган ҳолларда Қуролли Кучлар эҳтиёжлари учун фуқаролар ва ташкилотларнинг транспорт воситалари, бинолари, иншоотлари ҳамда бошқа мол-мулкидан фойдаланилиши мумкин. Вазирлар Маҳкамаси бундай мол-мулкни тақдим этиш билан боғлиқ харажатларни қоплаш тартибини белгилаши керак.

Ҳужжатда ҳарбий хизматга чақирилган фуқароларни молиявий қўллаб-қувватлаш чоралари ҳам кўзда тутилган. Сафарбарлик даврида улар солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан озод этилади. Шунингдек, кредит тўловлари бўйича муддатли кечиктириш берилади.

Қонуннинг алоҳида қисми аҳолини зарур ресурслар билан таъминлашга бағишланган. Унда озиқ-овқат, нефть маҳсулотлари ва бошқа ўта муҳим товарлар захирасини шакллантириш, шунингдек, иқтисодиётнинг асосий тармоқларини сафарбарлик даврида ишлашга тайёрлаш назарда тутилган.

Шунингдек, соғлиқни сақлаш тизими ва ҳаётий муҳим инфратузилманинг барқарор фаолиятини таъминлаш чоралари ҳам белгиланган.

Сенаторларнинг баҳолашича, қабул қилинган нормалар мамлакатнинг мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш, иқтисодиётнинг асосий тармоқлари барқарорлигини сақлаш ва хавфсизликка таҳдидлар юзага келган тақдирда аҳолини барча зарур нарсалар билан таъминлашга қаратилган.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.