Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Урбанизация ва уй-жой бозорини барқарор ривожлантириш миллий қўмитаси делегацияси Хитойнинг шаҳарсозлик ва шаҳарларни янгилаш борасидаги тажрибасини ўрганмоқда. Бу ҳақда Урбанизация ва уй-жой бозорини барқарор ривожлантириш миллий қўмитаси хабар берди.
Делегация таркибидан Тошкент вилояти вакиллари, ҳудудий инвестиция компаниялари, Давлат кадастр палатаси ҳамда хусусий лойиҳа ташкилотлари вакиллари ўрин олган.
Ташриф давомида Шанхай архитектура жамияти (ASSC) ва Хитойнинг йирик лойиҳа институтларидан бири — ECADI вакиллари билан учрашувлар ўтказилди. Иштирокчилар Хитойда шаҳарларни янгилаш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, рўёбга чиқарилган лойиҳалар ва ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларини муҳокама қилди.
Делегацияда Синьтяньди ва Рокбунд тарихий ҳудудларини ўзгартириш тажрибаси алоҳида қизиқиш уйғотди. Ушбу мавзеларда сақлаб қолинган бинолар замонавий шаҳар муҳитининг бир қисмига айланган.
Шунингдек, иштирокчилар собиқ саноат ҳудудларини аҳоли ва ташриф буюрувчиларни жалб қиладиган жамоат жойларига айлантириш мисоллари билан танишди.
Делегация таркибига ҳудудий инвестиция компаниялари, Давлат кадастр палатаси ва хусусий лойиҳа ташкилотлари вакилларининг киритилгани ўрганилган ёндашувларни Ўзбекистон шаҳарларида қўллаш имкониятларини кўриб чиқишга хизмат қилади.