Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Ўзбекистон

Сенат Ижтимоий иш тўғрисидаги қонунни маъқуллади

UzDaily таҳририяти · 09.07.2026 · 18:40 · 31 views
Сенат Ижтимоий иш тўғрисидаги қонунни маъқуллади

Сенат Ижтимоий иш тўғрисидаги қонунни маъқуллади

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Сенатнинг 17-ялпи мажлисида “Ижтимоий иш тўғрисида”ги Қонун муҳокама қилинди.

Мамлакатимизда аҳолининг ижтимоий ҳимоясини янада кучайтириш, ушбу соҳани ягона тизимга бирлаштириш борасида амалга оширилган ислоҳотлар натижасида ижтимоий ёрдам ва хизмат турлари янада кенгайди ҳамда хизмат кўрсатиш сифати яхшиланди.

Қонунга биноан ижтимоий иш тиббиёт, таълим, ижтимоий ҳимоя, бандлик, суд ва ҳуқуқ-тартибот, жазони ижро этиш соҳаларида ташкил этилади.

Ижтимоий иш соҳасидаги махсус ваколатли давлат органи этиб Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги белгиланмоқда.

Қонунда Вазирлар Маҳкамасининг, республика ижро этувчи ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг ижтимоий иш соҳасидаги ваколатлари белгиланмоқда ҳамда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, тадбиркорлик субъектлари ва жисмоний шахсларнинг ижтимоий иш соҳасидаги фаолиятда иштирок этиши мустаҳкамланмоқда.

Шунингдек, Қонунда ижтимоий хизматлар ва ижтимоий ёрдам турлари, ижтимоий хизматлар ва ижтимоий ёрдам кўрсатиш жойлари, ижтимоий хизматлар ва ижтимоий ёрдам кўрсатувчи субъектлар, ижтимоий ҳимояга муҳтож шахс (оила) деб топиш, ижтимоий хизматлар ва ижтимоий ёрдам кўрсатиш ҳамда тугатиш асослари, ижтимоий хизматлар ва ижтимоий ёрдам кўрсатиш билан боғлиқ фаолиятни молиялаштириш манбалари, ижтимоий ходимнинг мақоми, ижтимоий муҳофазаси, фаолиятига доир чекловлар каби муҳим масалалар  ўз аксини топган.

Сенаторларнинг фикрича, Қонун ижтимоий иш соҳасидаги муносабатларнинг тартибга солинишига, аҳолининг эҳтиёжманд қатламларига ижтимоий хизматлар кўрсатиш тизими яратилишига ҳамда уларнинг ижтимоий ҳимояси кучайтирилишига хизмат қилади.

Муҳокама якунида сенаторлар Қонунни маъқуллади.