Тошкент метросида «Космонавтлар» бекати йўлидаги мушук қутқарилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкентда метро ходими «Космонавтлар» бекати йўлига тушиб қолган мушукни қутқарди. Ҳайвон 16 август куни соат тахминан 20:01 да кўриб қолинган. Бу ҳақда Тошкент метрополитени матбуот хизмати хабар берди.
Вазиятни метро ходимлари зудлик билан назоратга олган. «Туннел иншоотлари» хизмати техник ёрдам устаси М. Маҳмаюсупов мушукни йўлдан олиб, хавфсиз жойга чиқарган.
Метрополитен маълумотларига кўра, ҳайвон жароҳат олмаган.
Ҳодиса поездлар ҳаракати жадвалига ҳам таъсир кўрсатмаган.