Aksa Elektrik Самарқанд электр тармоқларига $1 млрд сарфлайди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Туркиянинг Aksa Elektrik компанияси лойиҳани амалга оширишнинг 30 йили давомида Самарқанд вилоятидаги тақсимловчи электр тармоқларини модернизация қилишга қарийб 1 млрд доллар инвестиция киритишни режалаштирмоқда. Бу компаниянинг 2025 йил учун йиллик ҳисоботида қайд этилган.
Бунда хусусий ҳамкор лойиҳани амалга оширишнинг дастлабки 10 йилида камида 350 млн доллар инвестиция киритиши керак. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги матбуот хизмати маълум қилди.
Лойиҳа давлат-хусусий шериклик асосида амалга оширилмоқда. Aksa Elektrik халқаро тендер якунларига кўра Самарқанд вилояти тақсимловчи электр тармоқларини 30 йил муддатга эксплуатация қилиш ҳуқуқини қўлга киритган.
Компания йиллик ҳисоботида 2026 йилда Самарқанд вилоятидаги операцион фаолиятидан бошлаб халқаро бозорда ишлашни бошлашини маълум қилган. Лойиҳа қарийб 1 млн истеъмолчини қамраб олади.
Аввалроқ энергетика вазири Шерзод Хўжаев Туркия компаниясининг инвестиция ҳажми мажбурий тартибда белгиланишини ва Aksa Elektrik белгиланган суммадан кам бўлмаган миқдорда маблағ киритиши кераклигини айтган эди. Ўша пайтда вазир инвестицияларнинг аниқ миқдорини маълум қилмаган.
Aksa Elektrik 2024 йилда «Ҳудудий электр тармоқлари» билан ўзаро англашув меморандумини имзолаган. Ҳужжат давлат-хусусий шериклик доирасида тақсимловчи электр тармоқларини модернизация қилишни назарда тутган. 2025 йилда Туркия компанияси Самарқанд вилояти тармоқларини 30 йил муддатга эксплуатация қилиш ҳуқуқи учун ўтказилган тендерда ғолиб бўлган.
Лойиҳа шартларига кўра, электр тармоқларини қуриш, реконструкция қилиш ва модернизациялаш жараёнида маҳсулотларнинг камида 90 фоизи ички бозорда маҳаллий ишлаб чиқарувчилардан харид қилиниши керак.
Самарқанд минтақавий электр тармоқларининг барча ходимлари Aksa Elektrik компаниясига ишга қабул қилинади. Хўжаевнинг сўзларига кўра, хориждан фақат 10–15 нафар мутахассис жалб қилиниши режалаштирилмоқда. Қолган ишлар маҳаллий мутахассислар билан ҳамкорликда амалга оширилади.
Туркия компанияси, шунингдек, ходимларни ўқитиш, уларнинг малакасини ошириш ва жорий этилаётган технологиялар билан таништириш мажбуриятини олган.
Ушбу лойиҳа Ўзбекистонда тақсимловчи электр тармоқларини уларни ривожлантиришга инвестиция киритиш мажбурияти билан хусусий сектор бошқарувига бериш бўйича биринчи ҳолат бўлди. Аввалроқ Хўжаев ушбу тажрибани инобатга олган ҳолда мамлакатнинг бошқа ҳудудларида ҳам шунга ўхшаш ишларни амалга ошириш режалаштирилаётганини маълум қилган эди.
Aksa Elektrik мутахассислари аллақачон Самарқанд вилоятида иш бошлаган. Тармоқлар ҳолатини ўрганиб чиққач, улар биринчи навбатда икки йил давомида амалга оширилиши режалаштирилаётган 400 та микролойиҳани танлаб олган. Ўртача ҳисобда бундай лойиҳаларнинг ҳар бири битта маҳаллага тўғри келади.