Ўзбекистонда давлат харидлари ҳажми 188,4 трлн сўмга етди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2026 йилнинг биринчи ярим йиллиги якунларига кўра, Ўзбекистондаги давлат буюртмачилари умумий қиймати 188,4 трлн сўм бўлган 1 099 305 та шартнома тузди.
Харид жараёнларини таҳлил қилиш ва оптималлаштириш натижасида бюджет маблағларининг 7,2 трлн сўми тежаб қолинди. Бу ҳақда Саноат кооперацияси ва давлат харидлари агентлиги маълум қилди.
Давлат харидларининг энг катта ҳажми Тошкент шаҳри ҳиссасига тўғри келди. Пойтахтда умумий қиймати 77,7 трлн сўмлик шартномалар тузилган бўлиб, бу мамлакат бўйича жами давлат харидларининг 41 фоизини ташкил этди.
Иккинчи ўринни 34,3 трлн сўм (18 фоиз) кўрсаткич билан Навоий вилояти, учинчи ўринни эса 17,2 трлн сўм (9 фоиз) ҳажм билан Тошкент вилояти эгаллади.
Бюджет буюртмачилари орасида харидлар ҳажми бўйича Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги етакчилик қилди. Вазирлик 13,45 трлн сўмлик шартномалар тузган. Кейинги ўринларда 10,98 трлн сўмлик харидлар билан Транспорт вазирлиги ва 7,01 трлн сўмлик кўрсаткич билан Сув хўжалиги вазирлиги қайд этилди.
Корпоратив буюртмачилар орасида энг катта харид ҳажми «Навоий кон-металлургия комбинати» АЖ ҳиссасига тўғри келиб, у 21,78 трлн сўмни ташкил қилди.
Энг йирик буюртмачилар қаторига, шунингдек, 8,42 трлн сўмлик харидлар билан «Олмалиқ кон-металлургия комбинати» АЖ, 6,47 трлн сўм билан «Ўзбекнефтгаз» АЖ ва 5,82 трлн сўм билан «Навоийуран» АЖ ҳам кирди.