7
Туризм

Rotana Ўзбекистон меҳмонхона бозорига кириб келди

Rotana Ўзбекистон меҳмонхона бозорига кириб келди
Rotana Ўзбекистон меҳмонхона бозорига кириб келди / Фото: Özbekiston Turizm qömitasi.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Халқаро меҳмонхона компанияси Rotana Самарқандда қурилган меҳмонхонани ўз бренди остида бошқариш бўйича келишувга эришди. Бу ҳақда Ўзбекистон Туризм қўмитаси хабар берди.

Шартнома Rotana Hotel Management Corporation PJSC ва Universal Building МЧЖ ўртасида имзоланди. Келишув ҳақида Туризм қўмитаси раиси Абдулазиз Аккуловнинг Rotana компанияси стратегия бўйича директори Амна ал-Нувайс билан учрашувидан сўнг маълум қилинди.

Музокаралар «Ипак йўлида туризм» номли 31-Тошкент халқаро туристик ярмаркаси доирасида бўлиб ўтди. Томонлар туризм соҳасидаги ислоҳотлар, меҳмонхона инфратузилмасини ривожлантириш ва хорижий инвесторлар учун яратилган шарт-шароитларни муҳокама қилди.

Туризм қўмитаси маълумотларига кўра, Rotana компаниясининг Ўзбекистон бозорига кириб келиши билан мамлакатда фаолият юритаётган халқаро меҳмонхона брендлари сони 35 тага етди.

Амна ал-Нувайс компания Ўзбекистонда бир нечта брендни ишга тушириш имкониятларини кўриб чиқаётганини маълум қилди. Улар орасида беш юлдузли Edge by Rotana, тўрт юлдузли Edge by Rotana ва уч юлдузли Centro Hotels by Rotana брендлари бор.

Туризм қўмитасида янги лойиҳалар меҳмонхона инфратузилмасини ривожлантириш, хизматлар сифатини ошириш ва хорижий сайёҳларни жалб этишга хизмат қилиши кутилмоқда.

Туристик ярмарка доирасида Ўзбекистондаги 18 та меҳмонхонани бошқарувга бериш бўйича халқаро меҳмонхона брендлари билан ҳам ҳамкорлик келишувлари имзоланди. Улар амалдаги меҳмонхоналарни бошқаришни, шунингдек, янги лойиҳаларни ишга туширишда ҳамкорлик қилишни назарда тутади.

Халқаро меҳмонхона тармоқлари лойиҳаларини нафақат Тошкентда, балки Бухоро, Самарқанд, Нукус, Чимён ва Бельдерсойда ҳам ривожлантирмоқда.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.