Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Ўзбекистон

Қўқон патирига географик кўрсаткич мақоми берилди

UzDaily таҳририяти · 16.07.2026 · 16:55 · 25 views
Қўқон патирига географик кўрсаткич мақоми берилди

Қўқон патирига географик кўрсаткич мақоми берилди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Адлия вазирлиги Қўқон патирини географик кўрсаткич сифатида рўйхатдан ўтказди ва уни махсус давлат реестрига киритди. Бу ҳақда Интеллектуал мулк агентлиги матбуот хизмати хабар қилди.

Идорада таъкидланишича, Қўқон патири Қўқоннинг гастрономик меросидаги ўзига хос ноёб маҳсулотлардан бири ҳисобланади. У ўзига хос таъми, анъанавий тайёрлаш рецепти ва махсус пишириш технологияси билан ажралиб туради.

Интеллектуал мулк агентлиги маълумотларига кўра, ушбу нон тури ўзига хос пишириш усули туфайли бир неча ҳафта давомида ўзининг янгилиги ва мазали таъмини сақлаб қолади.

Географик кўрсаткич мақомининг берилиши маҳсулот номи ва уни тайёрлашнинг анъанавий технологиясини ҳуқуқий ҳимоя қилишни таъминлайди. Шунингдек, бу унинг ўзига хос хусусиятларини сақлаб қолиш ва сифат кафолатларини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Географик кўрсаткич интеллектуал мулк объекти ҳисобланади ҳамда маҳсулот муайян ҳудуднинг табиий, тарихий ва инсон омили билан боғлиқ алоҳида хусусиятларга эга эканини тасдиқлайди.